Олмазор туманидаги учта уйда ёнғин содир бўлди
2019 йилнинг 13 июль куни соат 16:33да Тошкент шаҳар ЁХБ Куч ва воситаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига Олмазор тумани М.Ғолиб 3-тор кўчасида 6- ва 4-уй ҳамда Нозимахоним 1-тор кўчасидаги 2-уйда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабар қилмоқда.
Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 16:41да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 17:03да қуршаб олиниб, соат 17:21да бартараф этилган.
Ёнғинда инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмаган. Ёнғин ҳақида кеч хабар берилганлиги сабабли, жанговар бўлинмалар чақирилган манзилга етиб келганида, ёнғиннинг майдони кенгайиб кетгани маълум бўлган. Ёнғин жойига 6 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.
Ёнғин оқибатида 6-уйнинг ички ва том қисми 150 кв.м. майдонида ёниб, ёнғинни тарқалиши натижасида 4-уйнинг том қисми 25 кв.м. ва Нозимахоним 1-тор кўчаси 2-уйнинг том қисми 25 кв.м. майдонда ёнган. Ёнғиндан 4-сонли уйнинг 100 кв.м. ва 2-сонли уйнинг 100 кв.м. майдонидаги қурилмалари сақланиб қолинган.
Ёнғин М.Ғолиб 3-тор кўчаси 6-уйда электр симларни қисқа туташуви оқибатида содир бўлган, деб тахмин қилинмоқда. Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда, дейилади хабарда.