Ўқитувчилар доимо жамиятнинг олди қаторларида барчага ўрнак бўлиб келишган. Улар менинг тасаввуримда ҳуқуқий саводхонлик даражаси юқори кишилар бўлиб, атрофдагиларга ўз ҳуқуқини талаб қилишда, ноҳақликка қарши курашишда ҳам ўрнак бўлиб, ҳам кўмак берадиган зиёли қатлам вакиллари эди.

Йиллар ўтди. Муаллимлар ўзгара бошлади. Бундан икки йил аввал кўчада гул экаётган, далада пахта тераётган мактаб ўқитувчиларини саволга тутганимда улар хокисорлик билан «Қалб амри ва ўз хоҳишлари билан кўчага гул эккани чиқишганини, пахта хирмонига ҳисса қўшиш учун пайкалга бориб этак боғлаганлари»ни айтишганди.

Ўшанда улар умидсизлик билан бу жавоблари сайтда эълон қилинса ишдан ҳайдалишларини айтиб зорланганларида ҳайрон бўлганман.

Чунки, айнан шу касб эгалари фарзандларимизни ҳақиқатни гапиришга, эркин ва ҳур фикрлашга ўргатадилар, ахир?

Ўтган ҳафтада Наманган вилояти, Косонсой туманидаги мактаб ўқитувчиларининг «Яшил хиёбон» ҳудудида «шанбалик» ниқоби остида эни 1,5-2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилгани ҳақидаги хабар тарқалиб кетганди. Бироқ, туманга бориб ҳолатни ўрганганимизда, 2–умумтаълим мактаби директори Муҳриддин Котибов ва мактаб ўқитувчиларидан бири ўша ерга бетон қуйиш учун борилмаганига ишонтирмоқчи бўлишганди. Қўлимиздаги суратда эса директор бетон қуйиш ишларида қатнашаётгани кўриниб турарди.

Таажжуб, биз муаллимларга ёрдам бермоқчимиз, улар эса нега буни хоҳламайдилар?

Чуст шаҳридаги 9-мактаб

Шундай ҳолат Чустда такрорланди. Бу ерда ўқитувчилар мактаб қурилишида жавлон уриб ишлаётгани устидан чиқдик.

Икки кун олдин Kun.uz почтасига айнан мана шу мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақидаги суратлар ва видеолавҳа келганди. Суратлар остига «Наманган вилояти, Чуст шаҳар 9-мактаб ўқитувчилари меҳнат таътили даврида мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда. Ўқитувчилар директорнинг «Келмасангиз дарс соати берилмайди», деган дағдағасидан қўрқиб ишга чиқишмоқда. Бундай ишлар қачон тугайди? Ким биз ўқитувчиларни ҳимоя қилади?», дея изоҳ қолдирилганди.