Ўзбекистон | 11:41 / 18.07.2019
9393
6 дақиқада ўқилади

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди.

Давлат харидларининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат харидлари субъектларининг касбий маҳорати ва масъулиятлик;

асосланганлик;

молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги;

очиқлик ва шаффофлик;

рақобат ва холислик;

мутаносиблик;

давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлиги;

коррупцияга йўл қўймаслик.

Давлат харидларининг асосий принциплари давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланилиши керак.

Давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий мақсадлари:

давлатнинг стратегик мақсадлари ва вазифаларига эришиш;

ривожлантириш давлат дастурларини ижро этиш;

давлатнинг ижтимоий вазифаларини бажариш;

давлат хизматлари кўрсатиш;

давлат буюртмачиларининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини таъминлаш учун давлат харидлари субъектларига қулай муҳитни шакллантиришдан, шунингдек давлат харидларини амалга оширишда коррупцияга ва қонун ҳужжатларининг бошқача бузилишларига қарши курашишдан иборат.

Давлат харидларини амалга оширишда ижтимоий-иқтисодий сиёсат устуворликлари, шу жумладан юқори технологик ва инновацион ишлаб чиқаришлар яратилиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, қулай экологик вазият сақланиши ҳисобга олинади.

Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига асосан белгиланади.

Ваколатли орган давлат харидлари соҳасини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширади.

Ваколатли орган:

давлат харидлари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тизимини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришнинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш бўйича чоралар кўради;

махсус ахборот порталини, электрон давлат харидлари тизими операторларини ва уларнинг давлат харидларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш борасидаги фаолияти қоидаларини белгилайди;

таклифни баҳолаш ва таққослаш усулларини ҳамда мезонларини, шунингдек харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди;

иқтисодий жиҳатдан энг фойдали таклифни баҳолаш усулини қўллаш тартибини (баҳолашнинг нархга асосланмаган мезонларини) белгилайди;

давлат харидлари бўйича ахборотни жойлаштириш, ошкор қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини ҳамда ҳажмларини, шунингдек товарга (ишга, хизматга) ҳамда давлат харидларини амалга ошириш усулига қараб эълон қилишга доир қўшимча талабларни белгилайди;

харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш тўғрисидаги эълонларнинг, харид қилиш ҳужжатларининг намунавий нусхаларини тасдиқлайди;

Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартибини белгилайди;

Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссияга келиб тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди;

давлат харидлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бажарилиши устидан мониторинг ва назоратни таъминлайди.

Ваколатли орган, зарур ҳолларда давлат харидлари соҳасида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланганда ёки эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолатларда уларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда олдини олиш бўйича давлат буюртмачиларига тегишли кўрсатмалар беришга, шунингдек давлат органларидан амалга оширилган давлат харидлари бўйича назорат ва мониторинг натижаларини олишга хақлидир.

Ваколатли орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Ушбу Қонун мақсадлари учун давлат буюртмачилари деганда қуйидагилар тушунилади:

1) бюджет буюртмачилари:

давлат органлари;

бюджет ташкилотлари;

харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун йўналтириладиган бюджет маблағларини олувчилар;

давлат мақсадли жамғармалари;

2) корпоратив буюртмачилар:

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;

устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар;

табиий монополиялар субъектлари ва қонунчиликка мувофиқ маҳсулотининг нархини ваколатли давлат органлари билан келишиши шарт бўлган бошқа корхона ва ташкилотлар;

стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар.

Давлат буюртмачиси:

мустақил равишда ёки ихтисослашган ташкилотни жалб этган ҳолда товарнинг (ишнинг, хизматнинг) бошланғич нархини белгилаш, бундан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

иккинчи босқич якунлари бўйича тендер тарзида харид қилиш тартиб-таомилини ўтказишда ғолиб билан нархни пасайтириш тўғрисида музокараларга киришиш ҳуқуқига эга.

давлат харидларини амалга оширишда ўз расмий веб-сайтига ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтига, шунингдек оммавий ахборот воситаларига эълон жойлаштириш;

харид қилиш тартиб-таомилларининг барча иштирокчиларига татбиқ этиладиган таклифларни тақдим этиш муддатларини узайтириш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари таклифларининг амал қилиш муддатини муайян даврга узайтириш тўғрисидаги таклиф билан уларга мурожаат қилиш;

иккинчи босқич якунлари бўйича тендер тарзида харид қилиш тартиб-таомилини ўтказишда ғолиб билан нархни пасайтириш тўғрисида музокараларга киришиш ҳуқуқига эга.

Давлат буюртмачиси қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Давлат буюртмачиси:

давлат харидларини режалаштириши;

ушбу Қонунга мувофиқ харид қилиш тартиб-таомили турини танлаш тўғрисида қарор қабул қилиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат харидларини амалга ошириши;

давлат харидлари тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда электрон давлат харидлари тизимида жойлаштириши;

харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг товарлар (ишлар, хизматлар) ва давлат харидларининг тартиб-таомиллари билан боғлиқ сўровлари бўйича уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ тушунтиришлар бериши;

харид қилиш тартиб-таомилларининг ғолиб деб топилган иштирокчилари билан шартномалар тузиши, шунингдек уларнинг ижро этилишини таъминлаши;

бўлажак давлат харидлари тўғрисидаги эълонларни фақат молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги тасдиқланган тақдирдагина электрон давлат харидлари тизимида ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштириши шарт.

Давлат буюртмачисининг зиммасида қонун ҳужжатларига ва ўзи тузган шартномаларга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Мавзуга оид