2019 йил 18 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қонун лойиҳалари билан бирга, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Йиғилишнинг асосий мавзуси тонировкага нисбатан камроқ қорайтирилган ойналарга рухсат бериш масаласи бўлди. 

Бу йилги ёз ойлари Ўзбекистон метеорологик кузатувлар тарихи давомида энг иссиқ экани қайд этилмоқда. Айниқса, бундай жазирама кунлар автомобиль ҳайдовчиларига қийинчиликлар туғдирмоқда. Шу боис, ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик, айниқса, ҳайдовчилар томонидан қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган мавзу, шубҳасиз, автомобиль ойналарини қорайтириш («тонировка») масаласидир.

Йиғилишда «Адолат» СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама иссиғидан ҳимоя қилишда етарлича шароитлар яратиш масаласи бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани таъкидланган. Мурожаатларда асосий масала сифатида, ёзнинг иссиғидан, қуёшнинг нурларидан, айниқса, ультрабинафша нурларидан сақланишда автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бериш сўралган.

«Ҳозир фойдаланишда заводдан чиқадиган стандарт бўйича ойна ва пул эвазига қилинадиган тонировкали ойналар бор. Биз юртимиздаги иссиқ об-ҳавони ҳисобга олиб термал плёнкали ойналар бўйича таклиф киритмоқчимиз. Ҳайдовчилар эътироз билдиришмоқда. Биз таклиф бермоқчи бўлган ойналар заводдан чиққан стандартли ойналарга нисбатан 15 фоиз қорайтирилган бўлади. Бу иссиқликни қайтармайди, лекин ультрабинафша нури билан қуёшнинг зарарли нурларини, 85 фоиз иссиқлигини ўзида ушлаб қолади. Аммо, ёруғлик тушади. Ичини бемалол кўриш мумкин. Нега биз буни таклиф қилиб киритяпмиз? Стандарт бўйича заводдан 30 фоиз қорайтирилиб ишлаб чиқарилса, буни қўшганда 45 фоиз қорайиб жавобгарликка асос бўлиб қолади. Қонун бўйича 70 фоиздан ошмаслиги керак. Бунинг учун тегишли тўловни амалга ошириш керак. Тажриба қилиб кўрдикки, 45 фоиздан ошиб кетса, ичкари кўринмай қолади. Тажрибани ««Ўзстандарт»» агентлиги вакиллари билан ўтказдик», дейди Олий Мажлис депутати Умид Сулаймонов.

Шунингдек, депутат ҳозирги кунда ушбу қарорга сезилаётган эҳтиёж ва аҳолига нисбатан нотенглик ҳақида таъкидлаб ўтди.

«Ўзи тонировка қилиш ёзнинг иссиғидан, айниқса бу йилги иссиқни кўриб турибсиз, қуёш нуридан, ултрабинафша нуридан сақланиш мақсадида йўлга қўйилган. Ҳаммага маълумки, автомобил ойналари тусини қорайтириш, яъни тонировка энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баробари ҳисобида тўлов қилиниши керак. Бу 18 миллион сўмдан ортиқ маблағни тўлашга тўғри келади. Шунда ҳам тўловга қурби етса. Шунда ҳам фақат орқа ойналар қорайтирилиши мумкин. Ҳайдовчилар қуёш иссиғидан барибир азият чекишади. Пул тўлайди, лекин барибир ўша аҳвол. Оммавий ахборот воситаларида айтилдики, ички ишлар органлари томонидан хавфсизлик нуқтаи-назаридан тўғри эмас. Шу ўринда бир савол туғилади. Ҳам халқимизга, ҳам хавфсизлигимизга тўғри келувчи ечимга келиш мумкин. Изланишларимиз билан юқоридаги таклифга келдик. Бунда ҳам ҳайдовчининг соғлиғи зиён кўрмайди, ҳам хавфсизлик масаласи ўз ечимини топади. Биз иккита машинани 10-15 дақиқа иссиқда қолдириб синаб кўрдик. Бири термал плёнкали ойнада, бири заводдан чиққан ҳолатдагиси. Шу вақт оралиғида фарқ 5-8 даражада бўлди. Узоқ турса, яна ҳам бу фарқ ошади. Шу сабабли, тонировка пул ҳисобига бўлса ҳам, лекин шу турдаги ойналар бепул бўлиши лозим», дея депутатнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.