Ўзбекистон | 11:25 / 18.07.2019
8160
3 дақиқада ўқилади

Фармацевтика соҳасидаги лойиҳалар бўйича қатор талаблар бекор қилинади 

Фото: Антон Вергун / ТАСС

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фармацевтика соҳасидаги эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан белгиланишича:

а) фармацевтика соҳасидаги эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари ва унинг ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича қуйидаги талаблар бекор қилинади:

экспорт ҳажми ишлаб чиқариш фаолиятининг иккинчи йили камида 20 фоиз, учинчи ва кейинги йилларда 30 фоиздан кам бўлмаган даражада амалга ошириш мажбурияти;

эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича маъмурий кенгашлар томонидан қарорлар қабул қилинишидан олдин бизнес-режалар ва техник-иқтисодий асосларга Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг ижобий хулосасини олиш шарти;

б) фармацевтика соҳасидаги эркин иқтисодий зоналар иштирокчиси мақомини олган тадбиркорлик субъектларига доривор ўсимликлар хом ашёси етиштириш бўйича плантациялар ташкил қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларининг тегишли қарорлари билан эркин иқтисодий зона ҳудудидан ташқаридаги балл бонитети юқори бўлган қишлоқ хўжалиги учун белгиланган ер майдонларини ажратишга рухсат берилиши мумкин.

Қуйидагилар:

фармацевтика соҳасидаги эркин иқтисодий зоналарда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхати;

фармацевтика соҳасидаги эркин иқтисодий зоналарда яқин истиқболда амалга оширилиши кутилаётган инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхати тасдиқланади.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари, тегишли тижорат банклари билан биргаликда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ муддатларини кўрсатган ҳолда “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда “Паркент-фарм”, “Бойсун-фарм” ЭИЗларга ажратилган ҳудудларни тегишлича ўрганиб чиқиб, уларда янги лойиҳалар амалга ошириш учун қўшимча ер ажратиш, фойдаланишга яроқсиз ҳудудларни вилоят ҳокимлиги балансига қайтариш масалалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги асосланган ҳисоб-китоблар бўйича 2020-2021 йиллар даврида фармацевтика соҳасидаги эркин иқтисодий зоналар дирекцияларини сақлаб туриш учун, кейинги йилларда уларнинг ўзини ўзи маблағ билан таъминлашга ўтиши шарти билан, зарур маблағлар ажратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид