Жамият | 22:15 / 21.07.2019
10334
4 дақиқада ўқилади

38 йилдан сўнг: Қувасойда кўп қаватли арзон тураржойлар фойдаланишга топширилди

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, мана шундай эзгу ташаббус ва бунёдкорлик туфайли республикамиз бўйлаб юзлаб турар жойлар қад ростламоқда. Одамларнинг йиллар давомида ушалмаган орзулари рўёбга чиқмоқда.  Бунда давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп қаватли уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётир.  

Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар республикамиз бўйича жами 602 та кўп қаватли арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилган. Биргина ўтган йилнинг ўзида 16 минг  937  та хонадондан иборат жами 411 та кўп қаватли арзон уйлар бунёд этилган. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 355 тани ташкил этади. Давлатимиз раҳбари 2018 йил 12-13 июнь кунлари  Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қувасой шаҳарида 5 та кўп қаватли арзон тураржойлар қуриш бўйича кўрматма берган эди. Шу тариқа шаҳарнинг “Пакана” МФЙ  ҳудудида 2 та 5 қаватли ва “Ёшлик”  МФЙ  ҳудудида 3 та 5 қаватли, жами 5 та 5 қаватли 225 хонадонга мўлжалланган уйлар барпо этилиши бошланганди. 

Куни кеча “Ёшлик”  МФЙ  ҳудудида қурилган 3 та 5 қаватли уйларнининг калитлари ўз эгаларига топширилди.  Қайд этиш жоизки, шу тариқа республика бўйича 2019 йил дастури асосида қад ростлаётган арзон уй-жойларни фойдаланишга топширилишга “старт” берилди. Тадбирда туман ҳокими хонадон соҳибларига калитларни торширар экан, ушбу бунёдкорлик аҳолини йиллар давомида кутилган орзуси эканлигини таъкидлади. 

Маълумот учун Қувасойда кўп қаватли тураржой бинолари қурилишининг охиргиси 1983 йилга тўғри келади. Шундан буён туманда бирорта ҳам кўп қаватли бино қурилмаган. Албатта, бу уйлар шаҳарнинг 65 йиллик юбелейига муносиб совға бўлди.  

Имтиёзли ипотека кредитлари асосида фойдаланишга топширилган замонавий турар-жойлар “O‘zshahar qurilish invest” инжиниринг компанияси томонидан бунёд этилди. Ҳар бири 45та хонадондан иборат кўп қаватли уйлар 1,2 ва 3 хонадонлидир.  

Жорий йилдан бошлаб қурилаётган арзон кўп қаватли турар жойларнинг ташқи коммуникация тармоқлари ва ободонлаштириш ишлари ҳам “O‘zshahar qurilish invest” инжиниринг компанияси томонидан томонидан амалга оширилиши объектни яхлит ҳолда бир вақтнинг ўзида фойдаланишга топширилишига хизмат қилмоқда. Муҳташам болалар майдончасини тўлдириб ўйнаётган болажонлар қувончи ҳамда юзларида табассум ила атрофга боқаётган нуронийлар нигоҳи мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорликларга шукроналикдан далолат. 

Тадбирда куй-қўшиқлар янгради. Янги хонадон соҳибларига калит билан биргаликда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Қурилишда намуна кўрсатган ишчилар ҳам қимматбағо совғалар билан тақдирландилар.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, келажакка умид ҳисси янада кучаймоқда. Айниқса, ҳудудларда барпо этилаётган  кўп қаватли арзон уй-жойга эга бўлаётган ёш оилаларнинг қувончи чексиз.