Ўзбекистон | 07:39 / 23.07.2019
16065
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар жаримани кечиктирмасдан тўлайдиган фуқароларга 30 фоизлик чегирма жорий этишни таклиф қилишди

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

2019 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кўриб чиқилган бир қатор қонун лойиҳалари сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида ҳам дастлабки тарзда қизғин муҳокама қилинган эди.  

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси мунозараларга бой кечди.

Суд фақат жазо тайинловчи орган деган эски тушунчалар, қонун нормалари эса, шундай жазоларни қўллаш учун ҳуқуқий асос деган нотўғри талқинлар депутатларнинг сўнгги йиллардаги қатор саъй-ҳаракатлари туфайли, ўзгараётгани, жамоатчилик томонидан депутатларнинг қатор таклифлари, ташаббуслари қўллаб-қувватланаётгани сир эмас. Ушбу қонун лойиҳаси устида олиб борилган ишларда ҳам депутатларимиз суд ҳам, қонунлар ҳам адолат ўрнатишга хизмат қилиши зарур, деган ғояга суяниб, уни такомилига етказдилар. Лойиҳа муҳокамаси давомида ҳам унинг асл моҳиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилдилар. Шунинг учун ҳам мажлисда кўриб чиқилган қонун лойиҳалари ичида энг кўп овоз тўплаб қабул қилинган ҳужжатлардан бири мазкур лойиҳа бўлди.

Лойиҳа суд томонидан жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган санадан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда у қолган суммани тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи маъмурий жарима солиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этишни назарда тутади. Маъмурий жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест келтирилганда, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида қўлланилмаслиги қайд этиб ўтилган.

Депутатларнинг қайд этишича, таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланиши фуқароларни тайинланган жарималарни ўз вақтида тўлашга рағбатлантиради, улар учун қўшимча қулайликлар яратади, шунингдек маблағлар ўз вақтида Давлат бюджетига келиб тушишини таъминлайди.

Мавзуга оид