Ўзбекистон | 21:13 / 23.07.2019
24412
3 дақиқада ўқилади

«Фуқаро аукционда ҳалол ютиб чиққан». «E-IJRO AUKSION» маркази танқидий мақола юзасидан муносабат билдирди

KUN.UZ сайтида «Риштонда аукционда мулк сотиб олган фуқаро чув тушди(ми?)» номли мақола эълон қилинган эди. “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК ушбу мақолага муносабат билдирди.

«E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси аукционларнинг очиқ ва шаффоф муҳитда, ортиқча бюрократик тўсиқларсиз ўтказилиши коррупцияга барҳам беришга, савдоларда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга хизмат қилади», дейилади муносабатда.

Маълумот берилишича, шу кунга қадар, “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали суд ҳужжатларини ижро этишда 3800 га яқин мол-мулк муваффақиятли реализация қилинган.

Марказ бевосита ўрганилган ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

“2018 йил 20 февралда Бюронинг Фарғона шаҳар бўлими (давлат ижрочиси) томонидан аукцион савдосига қўйилган Риштон тумани Тўқимачи кўчаси 17-уй манзилида жойлашган кўчмас мулк онлайн-аукцион савдолари юқорида қайд этиб ўтилган талаблар асосида ўтказилганлигини маълум қиламиз. Бу аукционни ўтказиш жараёнида ҳеч қандай камчиликка йўл қўйилмаган. Аукционда ғолиб (инсофли эгалловчи) Бувожонов Сойибжон Муминович деб топилган ва унга тегишли равишда баённома расмийлаштириб берилган. Фуқаро аукцион савдолари орқали кўчмас мулкни ҳаққоний, ҳалол ютиб олган. Тўловини тўлиқ амалга оширган.

Қолаверса, даъвогар – “Ўзагрокимёсаноат” Фарғона ҳудудий АЖ томонидан ФИБ Риштон туманлараро судига ёзган даъво аризаси юзасидан, суд аукцион баённомасини бекор қилишида «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси томонидан бирон бир камчиликка йўл қўйилганлиги асослантириб бермаган.

Қизиқ ҳолат. Аукцион тўғри ўтказилган бўлса, бу ерда ким айбдор? Марказ таъкидлаганидек, ҳаммаси қонуний ўтказилган бўлса, нега фуқаро қонуний аукционда ютиб олган мулкига ҳали-ҳануз эга чиқа олмаяпти? Судда “Ўзагрокимёсаноат” Фарғона ҳудудий АЖ томонидан аукцион ўтказиш бўйича камчилик асослантириб берилмаган бўлса, нима учун суд қонуний ва инсофли эгалловчидан мулкни тортиб олмоқда?

Ушбу ҳолат Олий суд томонидан ҳам ўрганилишини ва бу мавзу бўйича  муносабат берилишини кутиб қоламиз. 

Мавзуга оид