Жамият | 19:10 / 23.07.2019
4364
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 17 мингга яқин бемор ордер олишни кутмоқда

Бугун, 23 июль куни соат Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш режаси, ҳудудий касалхоналарнинг муаммолари, бепул ордерлар олиш тартиби» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда шифокорлар маоши ва тиббий суғурта масаласида ҳам маълумотлар берилди.

Соҳа ходимлари маоши 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар, 2019 йилнинг 1 апрелидан 1,15 баравар оширилди. Жорий йил 1 августдан бошлаб барча бюджет муассасалари сингари 1,1 баравар оширилади. Бу билан 2018 йилнинг охири ва 2019 йилнинг ўтган вақти мобайнида соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг иш ҳақи қарийб 50 фоизга оширилишига эришилади.

Мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич, яъни 2019-2020 йилларда бу борада тайёргарлик ишлари ҳамда тизимнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади. 2021 йилдан эса жорий этиш бошланиб, биринчи навбатда, йирик ташкилотларда мажбурий суғурта таъминланади. Бунда давлатнинг, иш берувчининг ва албатта, фуқаронинг маблағи, яъни улуши бўлади. Кейинги босқичда бюджет ташкилотларда ишлаётган ходимларни, учинчи босқичда эса барча аҳолини қамраб олиш кўзда тутилган.

Шунингдек, олинаётган ордерлар масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. 2018 йилда берилган ордерлар сони 2017 йилга нисбатан бир неча баробарга ошган. Хусусан, стационар (ётиб даволаниш учун) ордерлар 41988та, амбулатор (ташхис учун) ордерлар 16535та берилган.

Айни пайтда 16457 нафар бемор ордер олиш учун навбатда турибди ва уларга ҳам навбати билан бу ҳужжат берилади.

Мавзуга оид