Жамият | 20:00 / 26.07.2019
5413
2 дақиқада ўқилади

Суриядан қайтарилган аёллар ва болаларга 191,5 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди

Бугун, 26 июль куни Олий Мажлис Сенатида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг давлат органлари томонидан аёлларнинг гендер тенглиги бузилишига оид мурожаатларини кўриб чиқиш ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Унда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раҳбарияти ҳамда қўмита аъзолари вазирликка соҳага оид бир қатор саволлар билан юзланишди.

Баҳодир Умрзоқовнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,3 фоизни ташкил этса, бу кўрсаткич хотин-қизлар ўртасида 13,4 фоизга тўғри келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига 217,7 минг нафар хотин-қизлар иш сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 87,4 минг нафари, яъни 40 фоизининг бандлиги таъминланган.

Вазирлик тақдим этган ҳисобот маълумотида қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан «Меҳр» дастури доирасида Суриядаги қуролли тўқнашувлар ҳудудидан қайтарилган 156 нафар аёллар ва болаларнинг фуқаролик гувоҳномаларини расмийлаштириш учун вазирлик ҳузуридаги бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 4,8 млн сўм сарфланган. Шунингдек, уларнинг 47 нафарига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида, 95 нафари (вояга етмаганлар)га эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жами 191,5 млн сўм бир марталик моддий ёрдам тўловлари тўлаб берилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид