Жаҳон | 21:05 / 26.07.2019
15935
3 дақиқада ўқилади

Технология саноати учун нохуш хабар: Япония-Ж.Корея савдо тортишуви кучаймоқда

Фото: Getty Images

Жанубий Корея Японияга мурожаат қилиб, ўзаро баҳс-мунозараларни кескинлаштиришнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирди. Расмий Сеулга кўра, бу жаҳон миқёсида смартфонлар ва электрон маҳсулотлар етказиб бериш занжирига зарар етказиши билан хавф солиши ҳамда 80 млрд долларлик савдо алоқаларига путур етказиши мумкин. 

Мамлакат ташқи ишлар вазири Kang Kyung-wha япониялик ҳамкасбига қўнғироқ қилар экан, Ж.Корея компаниялари компьютер чиплари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган материалларга нисбатан савдо чекловларини бекор қилишни талаб қилган. 

У, шунингдек, Токио Ж.Кореяни Япония билан энг кам чекловлар орқали савдо қилувчи мамлакатлар рўйхатидан чиқариш орқали вазиятни янада таранглаштирмасликка чақирди. 

Япония 2 август куни Ж.Кореяни ўзи билан қулай шартларда савдо қилувчи мамлакатларнинг «оқ рўйхати»дан чиқаришни режалаштирмоқда. Агар шундай бўлса, компаниялар Ж.Корея фирмалари томонидан қурол-яроғ ёки ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган ҳар қандай маҳсулотни сотиш учун ҳукумат лицензиясини олиши талаб этилади. 

Таъкидлаш жоизки, Ж.Корея Япониянинг учинчи энг йирик савдо ҳамкори бўлиб, мамлакатнинг 54 млрд долларлик маҳсулотини харид қилади. Булар орасида, саноат машиналари, кимё саноати маҳсулотлари, автомобиллар бор. 

Ушбу икки мамлакат ўртасидаги савдо қарама-қаршилиги шу ой бошида бошланди. Ўшанда Токио 3 хил кимёвий моддани Ж.Кореяга экспорт қилишда назорат ўрнатди. Фтор полиамидлар, фоторезистлар ва фтор водородлар бошқа мақсадлардан ташқари, компьютер чиплари ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилади. 

Қайд этилишича, мазкур чекловлар жаҳон яримўтказгичлар саноатига жиддий таъсир кўрсатади. Ж. Кореянинг Samsung ва SK Hynix компаниялари жаҳонда ишлаб чиқариладиган чипларнинг салкам 2/3 қисмини етказиб беради. Улар смартфонлардан тортиб, автомобилларгача қўлланилади. Apple ва Huawei каби ишлаб чиқарувчилар ҳам Ж.Корея компания маҳсулотларини харид қилади. 

SK Hynix, ўз навбатида, Япония экспорт чекловлари қўлланса, йилнинг иккинчи ярмида кам савдо кўрсаткичлари эҳтимолидан огоҳлантиришга ҳам улгурди. 

Мавзуга оид