Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Корея ва ЕИ КХДР аскарлари Россияга юборилганини қоралади
Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги раҳбари Ким Ёнг Хён ва Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Боррел жиддий хавотир билдирди. Улар Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кенгайишига биргаликда қарши чиқишга келишиб олдилар.
Жанубий Корея ва Европа Иттифоқи Шимолий Корея аскарлари Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашиш учун жўнатилганини кескин қоралади ҳамда Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришга биргаликда қарши чиқишга келишиб олди. Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Ён Хён ва Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел 4 ноябр, душанба куни Сеулда бўлиб ўтган учрашув чоғида Шимолий Корея қўшинлари жўнатилишидан жиддий хавотир билдирдилар ва буни кескин қораладилар, дея хабар беради Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги.
Жанубий Корея мудофаа идораси баёнотида томонлар Россия ва Шимолий Корея ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чеклаш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишга келишиб олганини айтилади.
Шимолий Корея аскарларининг Украинага қарши урушда қатнашиш учун жўнатилгани ҳақидаги хабарлар Жанубий Кореяда хавотир уйғотмоқда, чунки мамлакат Россия Пхенян ёрдами эвазига Шимолий Кореяга замонавий ҳарбий технологиялар ва қурол-яроғларни ўтказишидан хавотирда.
ЕИ ва Жанубий Корея мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди
Европа Иттифоқи ва Жанубий Корея хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятида. Бу ҳақда 4 ноябр куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел ва Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Чо Таэ Ёл ўртасидаги учрашувда келишувга эришилди.
Брюссел ва Сеул, хусусан, денгиз хавфсизлиги, космик хавфсизлик ва мудофаа, кибер муаммолар, гибрид таҳдидларга қарши курашиш, чет эл аралашуви ва ахборот манипуляцияси, терроризмга қарши кураш ва қуролсизланиш бўйича мулоқотни соддалаштириши кутилмоқда.
Европа Иттифоқи дипломатияси ва Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари умумий қадриятлар ва манфаатларга асосланган тинчлик, барқарорлик ва фаровонликка содиқликларини яна бир бор тасдиқладилар. Улар Европа ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги ўзаро боғлиқ хавфсизлик муҳитига алоҳида эътибор қаратган ҳолда минтақавий ва глобал хавфсизлик бўйича мустаҳкам ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидладилар.