Жамият | 09:20 / 28.07.2019
3820
2 дақиқада ўқилади

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларида ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда

2019 йил 25 июлидан 10 августига қадар республикадаги 31та олий таълим муассасасида тест синовларисиз абитуриентлардан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига, касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 4 июлдаги 1-сон баёнига мувофиқ 2019/2020 ўқув йили учун тасдиқланган 122та таълим йўналишида қабул тест синовларисиз касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали амалга оширилади.

Айни кунларда 85 минг нафарга яқин йигит-қизлар кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларида алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонларда иштирок этмоқда.

Касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган фанлар бўйича имтиҳон дастурлари ва ҳар бир фан хусусияти ҳисобга олинган ҳолда баҳолаш мезонлари, шунингдек, тегишли бакалавриат таълим йўналишларига мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси ОТМлар томонидан ишлаб чиқилиб, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан тасдиқланди.

Имтиҳонлар адолатли ва шаффоф ўтиши ҳамда баҳоланиши учун имтиҳон бўлиб ўтадиган барча аудиториялар, спорт заллари ва майдонларга кузатув камералари ўрнатилиб, ота-оналарга жараёнларни бевосита кузатиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, имтиҳон жараёнларини жамоатчилик назорати остида шаффоф ва ошкора ўтказиш мақсадида ота-оналар вакиллари, туман (шаҳар) халқ депутатлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари мутахассислари таклиф қилинган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид