Ўзбекистонда IELTS имтиҳонини қандай топшириш мумкин: тажриба, нархлар, тайёргарлик ва у нима учун керак?
|22:56 / 31.10.202520 85123 мин
"Шу йилнинг май ойида Тошкентдаги IDP марказида IELTS имтиҳонини топширдим ва 7.0 балл олдим. Бу менинг илк тажрибам бўлиб, у кутганимдан кўра қийинроқ бўлди. Тайёргарлик жараёнида бу нафақат инглиз тили бўйича, балки режалаштириш, интизом ва харажатлар бўйича ҳам имтиҳон эканлигини тушундим" деб ҳикоя қилади Асал Равшанова.
Фото: Getty imagesФото: Getty images
Шу билан бирга, Ўзбекистонда таълим, иммиграция ёки касбий ўсиш мақсадида IELTS имтиҳонини топширувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Лекин кўпчилик ҳали ҳам нимадан бошлашни, модулни қандай танлашни ва натижа ҳақиқатан ҳам фойдали бўлиши учун нималар кераклигини билмайди.
Ушбу мақолада мен IELTS нима учун кераклиги, уни қаерда топшириш мумкинлиги, тайёргарлик қанчага тушиши, имтиҳон қандай ўтиши ва унга вақт ҳамда пулни йўқотмасдан қандай тайёргарлик кўриш ҳақида айтиб ўтаман.
IELTS сертификати икки йил амал қилади. Унинг натижалари дунё бўйлаб 150 дан ортиқ мамлакатда тан олинади.
IELTS нима учун керак?
IELTS — хорижий университетларга ўқишга киришдаги асосий воситалардан бири бўлиб қолмоқда. Сертификат 150 дан зиёд мамлакатда, жумладан, Британия, Канада, Жанубий Корея, Малайзия, Венгрия, Туркия ва БААда қабул қилинади.
Аксарият ўзбекистонликлар IELTS имтиҳонини айнан хорижда ўқиш учун — бакалавриат, магистратура ёки стипендия дастурларига кириш мақсадида топширадилар. IELTS кўплаб талабалар учун халқаро стипендия дастурларида қатнашиш калити ҳисобланади.
Уларнинг энг машҳурлари - Chevening (Буюк Британия), Erasmus+ (Европа Иттифоқи), Fulbright (АҚШ) ва MEXT (Япония). Бу дастурлар таълим, яшаш ва парвоз харажатларини қоплайди, қабул комиссияси эса амалдагии IELTS ёки бошқа халқаро инглиз тили имтиҳони сертификатини талаб қилади.
Academic Module академик мақсадлар учун мўлжалланган: у ўқишда зарур бўлган эссе ёзиш, матнни таҳлил қилиш ва маърузаларни тушуниш каби кўникмаларни баҳолайди.
Мисол:
Одатда, Европа ва Осиё университетлари талабаларни 6.0 баллик натижадан бошлаб қабул қилади; магистратура ва докторлик дастурлари учун эса кўпинча 6.5–7.0 ва ундан юқори балл талаб қилинади.
Мавзуга оид
Ўқиш учун IELTS
Инглиз тилини билиш ва IELTS сертификатига эга бўлиш нафақат хорижда, балки Ўзбекистоннинг ўзида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Бу орқали халқаро университетларда ўқишдан тортиб, касбий ўсиш дастурларида қатнашишгача каби имкониятлар кенгаймоқда.
IELTS сертификати мамлакат ичида қуйидагилар учун кўпроқ керак:
Халқаро дастурларга эга олий ўқув юртларига кириш учун (WIUT, MDIS, TEAM, Amity, Akfa University);
El-Yurt Umidi давлат дастурида қатнашиш учун амалдаги IELTS ёки бошқа халқаро инглиз тили сертификати талаб этилади.
Олий таълим муассасаларига киришда хорижий тил бўйича B2 (5.5–6.5 балл) ёки ундан юқори даражадаги давлат намунасидаги сертификатга эга абитуриентлар афзалликка эга бўладилар. Батафсил бу ерда - Kun.uz
El-Yurt Umidi жамғармаси шартлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси ҳукумат портали
Иш учун IELTS
IELTS нафақат хорижда ўқиш, балки иммиграция учун ҳам керак. Масалан, Канада, Австралия ва Янги Зеландияда кундалик ва профессионал муҳитда инглиз тилини билишни баҳолайдиган General Training модули талаб этилади,
Мисол:
Канадага иш визаси (Express Entry) CLB шкаласи бўйича умумий балл 6.0дан бошланади, аммо талаблар провинция ва касбга қараб фарқ қилиши мумкин.
Ўзбекистонда тобора кўпроқ мутахассислар IELTSни касбий кўникмаларни ривожлантириш ва халқаро меҳнат бозорига чиқиш учун қадам сифатида кўрмоқдалар. Сертификат нафақат иммиграцияда, балки хорижий ташкилотлар ва хорижий ҳамкорлар билан ишлайдиган компанияларга ишга жойлашишда ҳам ёрдам беради.
IELTS учун пулни қайтариб олиш мумкинми?
Давлат инглиз тилини ўрганишни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистонда IELTS имтиҳони учун харажатларни қоплаш дастури амал қилади, агар иштирокчи 7.0 ва ундан юқори балл олган бўлса.
Маъқулланган тақдирда, компенсация иштирокчининг ҳисоб рақамига Xazna иловаси орқали ўтказилади — бу давлатнинг электрон тўловлар платформаси. Одатда жараён тизимнинг юкламаси ва тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлигига қараб 2–3 ҳафтагача давом этади.
Муҳим: Ариза бир марта — фақат сўнгги амалдаги сертификат учун берилади. Компенсация қайта топширишлар ёки қисман натижаларга татбиқ этилмайди.
Рўйхатдан ўтишда IELTS on computer ёки IELTS on paper форматини танлаш керак. Иккала вариант ҳам бир хил шкала бўйича баҳоланади ва бир хил шароитларда ўтказилади, фақат топшириқларни бажариш усули фарқ қилади.
IELTS on computer (компьютерда)
Имтиҳон расмий марказларнинг компьютер аудиторияларида ўтказилади
Жавоблар клавиатура орқали киритилади, натижалар эса тезроқ — одатда 3–5 кун ичида чиқади
Speaking (оғзаки қисм) ҳар доим қоғо форматдаги каби шахсан имтиҳон олувчи билан ўтказилади
Бу формат тез ёзадиган ва замонавий интерфейсни афзал кўрувчилар учун қулай
IELTS on paper (қоғозда)
Вазифалар қўлда бажарилади, жавоблар махсус бланкларга ёзилади
Формат ва имтиҳон санасини 1–2 ой олдин танлаган маъқул, чунки таниқли жойлар тез тўлиб қолади, айниқса дам олиш кунлари ва университетларга ҳужжат топшириш муддати якунланишидан олдин.
IELTS сертификати берилганидан бошлаб 2 йил давомида амал қилади, шунинг учун санани танлашда университет ёки грант дастурига ҳужжат топшириш муддатини ҳисобга олиш зарур.
Имтиҳон куни рўйхатдан ва ҳужжат текширувидан бемалол ўтиш учун марказга эртароқ, тахминан 30 дақиқа олдин етиб бориш керак. Ёнингизда паспорт бўлиши шарт, усиз имтиҳонга киришнинг имкони йўқ.
Маслаҳат: Имтиҳон санасини шундай танлангки, сизда тайёргарлик учун камида 3 ой вақт қолсин. Бу натижани ҳеч бўлмаганда 1 баллга ошириш учун етарли вақтдир.
Имтиҳон қандай ўтади ва унга қандай тайёрланиш керак?
Имтиҳон тўрт қисмдан иборат: Listening, Reading, Writing ва Speaking (эшитиб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва сўзлашиш).
IELTS нафақат инглиз тилини билишни, балки тест формати билан ишлаш кўникмасини ҳам баҳолайди. Ҳатто инглиз тилини билиш даражаси юқори бўлса ҳам, вақтни тўғри тақсимлаш ёки топшириқлар қандай бўлишини билмаслик натижани пасайтириши мумкин.
Reading ва Writing да матн структурасини тез англаш ва асосий деталларни ажратиб олиш муҳим. Listening да диққатни деталларга қаратиш керак, чунки аудиоёзув фақат бир марта эшиттирилади. Speaking да нафақат мукаммал гапириш, балки жавобларни ишонч билан ва мантиқий шаклда баён қилиш муҳим.
Барча қисмлар 9 балли шкала бўйича баҳоланади. Якуний натижа — бу тўртта баҳонинг 0,5 баллга яқинлаштирилган ҳолдаги ўртача балли.
Имтиҳоннинг тузилиши
Имтиҳон тўрт қисмдан иборат бўлиб, ҳар бирида алоҳида кўникма текширилади ва 2,5–3 соат давом этади.
Listening (эшитиш) – 40та савол, 30 дақиқа
Reading (ўқиш) – 3та матн, 40та савол, 60 дақиқа
Writing (ёзув) – 2та топшириқ, 60 дақиқа
Speaking (гапириш) – имтиҳон олувчи билан оғзаки интервью (10–15 дақиқа), ёзма имтиҳон куни ёки унинг эртасига ўтказилиши мумкин
Listening - эшитиш
Бир қарашда Listening қисми оддийдек кўринса ҳам, амалда айнан шу қисм энг кўп диққатни талаб қилади: бир вақтнинг ўзида ёзувни эшитиш ва жавобларни ёзувни қайта эшитиш имкониятисиз ёзиш керак бўлади.
ielts.org сайтидаги намуна ёзувлар билан ишланг, у ердан реал намуналарни кўчириб олиш мумкин
Имлога эътиборли бўлинг: агар сўз хато ёзилса, вазифани тўғри тушунганингизга қарамасдан жавоб нотўғри ҳисобланади
IELTS биринчи топшириғи намунаси
Ўз тажрибамдан:
Менга инглиз тилидаги фильмларни томоша қилаётганимда эшитган исм ва рақамларни ёзиш одати ёрдам берди. Бу машқ диққатни ва айниқса, Listening учун муҳим бўлган - эшитилган маълумотни тез аниқлаш қобилиятини ривожлантиради.
Имтиҳонда аудиоёзув фақат бир марта эшиттирилади, шу боис нафақат умумий маънони тушуниш, балки аниқ деталлар - (рақамлар, манзиллар, фамилиялар)ни илғаб олиш керак. Listening қисмида “иккинчи имконият” йўқ: жавобни тўғрилаб бўлмайди.
Мунтазам машқлар мияга инглизча нутқни автоматик равишда “тутиб олиш”га ёрдам беради. Бунинг учун қисқа видеолар, подкастлар ёки янгиликлар мос келади — асосийси, доим қўлда ручка билан тинглаш. Муҳим сўзлар, саналар ва исмларни ёзиб қўйиш, сўнгра субтитрлар орқали текшириш мумкин.
Reading - ўқиш
Бу қисмда нафақат бутун матнни тушуниш, балки керакли маълумотни тез топиш муҳим. Топшириқлар маънони тушунишдан кўра, вақт босими остида матн билан ишлаш, калит сўзларни ажратиш, деталларга эътибор бериш ва уларни саволлар билан солиштириш қобилиятини текширади.
Энг кенг тарқалган хатолардан бири, ҳар бир жумлани таржима қилишга уриниш. Бу вақтни олади ва матн структурасини кўришга халақит беради.
Маслаҳатлар:
“Сканерлаш” усулидан фойдаланинг: ҳар бир жумлани тушунишга ҳаракат қилманг, матндан саволга мос келадиган калит сўз, сана, исм ва терминларни изланг. Бу керакли парчани топиш ва вақтни тежашга ёрдам беради.
Вақтни тақсимланг. Ҳар бир топшириққа тахминан 20 дақиқа берилади. Қийин саволларда туриб қолманг: уларни ўтказиб юборинг ва охирида қайтинг. Асосийси, айримларида иккилансангиз ҳам барча 40та саволга жавоб бериш.
Топшириқ турларини ўрганинг. IELTS да True/False/Not Given, Matching Headings, Gap Fill ва бошқа форматлар учрайди. Уларнинг мантиғини тушуниш стратегияни олдиндан танлашга: жавобни қаердан излаш, қанча маълумот кераклиги ва ўхшаш жавобларда чалғиб қолмасликка ёрдам беради.
Кўпчилик учун имтиҳоннинг энг қийин қисми. Бу ерда нафақат бехато ёзиш, балки матннинг мантиқий ва ишончли тузилиши ҳам муҳим.
Маслаҳатлар:
Эссе тузилишини ўрганинг. Introduction – Body – Conclusion шаблонини аввалдан ўрганинг. Биринчи абзацда мавзу ва позицияни белгиланг, асосийда мисоллар билан иккита аргумент келтиринг, хулосада эса натижани қисқача баён этинг. Аниқ тузилма имтиҳон олувчига матн мантиғини кўришга ёрдам беради.
Грамматика ва ифодаларга эътибор беринг. Гап тузиш, артикл ва замонлардаги хатолар баллни пасайтиради. Мураккаб конструкцияга ишончингиз тўлиқ бўлмаса, соддароқ ёзинг. IELTS “ибораларнинг чиройли” ёзилишини эмас, аниқлигини баҳолайди.
Вақтни тақсимлашни машқ қилинг. Task 1 (диаграмма ёки хатни ифодалаш)га 20 дақиқа, Task 2 (эссе)га — 40 дақиқа берилади. Имтиҳонда нафақат ёзиш, балки майда хатоларни тўғрилаш учун матнни қайта ўқиб чиқиш ҳам муҳим.
Ўз тажрибамдан:
Мен ҳар куни таймерни 40 дақиқага қўйиб биттадан эссе ёзардим. Бу чекланган вақтга кўникиш ва автоматизмга ўргатди: мавзуни кўришинг билан дарҳол унинг тузилиши ва аргументлар ҳақида ўйлайсан.
IELTS Writing қисми бўйича иккинчи топшириқ намунаси
Speaking — сўзлашиш
Интервью 10–15 дақиқа давом этади ва уч босқичдан иборат: ўзингиз ҳақингизда қисқа саволлар, карточка бўйича монолог ва абстракт мавзуда диалог. Имтиҳон олувчи идеал талаффузни эмас, балки сўзлаш тезлиги, мантиқ ва турли грамматик шаклларни қўллаш кўникмасини баҳолайди.
Маслаҳатлар:
Ишончли, лекин шошмасдан гапиринг. Имтиҳон олувчи сизнинг тез гапиришингизни баҳоламайди, муҳими, жавоблар мантиқий ва узун паузаларсиз бўлиши керак.
Пауза қилиш — хато эмас. “Эээ” ёки “you know”дан кўра қисқа паузалар яхшироқ.
Содда, лекин аниқ ифодалардан фойдаланинг. Сўз бойлигингизни кўрсатишга ҳаракат қилинг, лекин гапларни ҳаддан ташқари мураккаблаштирманг. Мураккаб, лекин хато гапиргандан кўра оддий ва тўғри гапирган яхши.
Ўз тажрибамдан:
Speaking қисмида менга фотосуратлар тўғрисида савол тушди: охирги марта қачон суратга тушдим, ким суратга олди ва қандай сабаб билан? Мен Past – Present – Future стратегиясини қўлладим: дастлаб бу қачон ва қаерда бўлганини, кейин ҳозирда бу фотосуратларга қандай ёндашишимни ва улар мен учун нега муҳимлигини айтдим.
Бу усул мантиқий жавоб тузиш, фикрни йўқотмаслик ва турли грамматик шаклларни эгаллаганликни кўрсатишда ёрдам беради. Уни ҳар қандай мавзу — “севимли жойингиз”дан тортиб “сиз ҳаётда усиз яшолмайдиган нарса”гача қўллаш мумкин.
IELTS га тайёргарлик фақат инглиз тилини ўрганиш эмас, балки стратегия машғулоти ҳамдир. Имтиҳон олувчи нафақат билимни, балки топшириқларни форматга мувофиқ ҳал қилишни ҳам баҳолайди, шу сабабли жараёнга тизимли ёндашиш ва машғулотлар жадвалини тузиш муҳим.
Маслаҳатлар:
Синов тестдан бошланг. Бу сизнинг ҳозирги даражангизни аниқлаш ва қайси қисмлар кўпроқ эътибор талаб қилаётганини кўрсатишга ёрдам беради. Бепул синов тестидан IELTS.org ёки British Council сайтида ўтиш мумкин — формати ҳақиқий тестга тўлиқ мос келади.
Мақсадни аниқланг. Ўқиш учун 6.5 ва иммиграция учун 7.0 балл ўртасидаги фарқ кичикка ўхшайди, лекин амалда бу қўшимча соатларни талаб қилади. Мақсад мос курс, устоз ва машғулотлар суръатини танлашга ёрдам беради.
Тайёргарлик кундалигини юритинг. Қандай топшириқлар қийинчилик туғдиришини ёзиб боринг ва ўсишни қайд этинг. Кундаликни кўриб чиқиш орқали қандай хатолар қайта такрорланаётганини аниқлаш мумкин – бу натижага эришишни тезлаштиради.
Онлайн-ресурслардан фойдаланинг. YouTube да собиқ имтиҳон олувчилар тушунчалар ва реал мисоллар берган кўплаб бепул каналлар мавжуд. IELTS Liz, E2 English, AcademicEnglishHelp дан фойдаланинг, уларда ҳар бир қисм бўйича амалий видеолар бор.
Агар бюджетингиз кўтарса, ўқитувчи топинг. У даражангиз Intermediate дан юқори бўлганида типик хатоларнинг олдини олиш ва стратегияни тўғрилашга ёрдам беради.
Ўз тажрибамдан
Мен тайёргарликни икки ойча олдин бошладим. Биринчи ҳафтада кунига бир соатдан шуғулландим, кейин уч соатга оширдим. Бир ойдан кейин нафақат сўзларни, балки топшириқ форматини: қисмлар ўртасида қандай ўтиш, керакли маълумотни қандай излаш ва вақтни қандай тақсимлашни ҳам тушуна бошлаганимни сездим.
Имтиҳон структураси билан танишганингизда инглиз тили бошқача, дарсдагидек эмас, балки барчаси мантиққа ва тафсилотларга бўйсунган тизим сифатида қабул қила бошлайсиз.
Натижалар қачон чиқади ва сертификатни қандай олиш мумкин?
Имтиҳондан кейин натижалар чиқишини ҳаяжон билан кута бошлайсиз. Яхши хабар: Ўзбекистонда сертификат олиш жараёни яхши йўлга қўйилган.
Текшириш муддатлари
Тезлик танланган имтиҳон форматига боғлиқ:
IELTS on computer — натижалар 3–5 кундан сўнг чиқади
IELTS on paper — текширув 13 календар кунни ташкил этади
IDP Uzbekistan — сертификатни офисда шахсан олиш мумкин
British Council Uzbekistan — марказда ёки почта орқали олиш мумкин
Ўз тажрибамдан:
Мен IDP Uzbekistan марказида IELTS (on paper) топширдим. Имтиҳондан 13 кун ўтгач, натижалар тайёр бўлгани ҳақида электрон почтамга хат ва SMS хабарнома келди. Мактубда барча қисмлар бўйича натижаларни текшириш учун расмий сайтга ҳавола бор эди. Менинг умумий натижам 7.0 баллга тенг бўлди.
Натижалар эълон қилинганининг эртаси куни IDP офисида қоғоз сертификатни олдим. Сертификатни олиш учун паспорт билан шахсан бориш лозим, жараёнга беш дақиқадан камроқ вақт кетади.
Сертификатнинг амал қилиш муддати
IELTS сертификати имтиҳон санасидан бошлаб 2 йил давомида амал қилади. Ушбу муддат тугагач, сертификат узайтирилмайди — қайта имтиҳон топшириш талаб этилади.
Натижага рози бўлмасангиз нима қилиш керак?
Баъзида қатнашчилар ўз баллари, айниқса Writing ёки Speaking қисмларида пасайтирилган деган фикрда бўлишади. Бундай ҳолларда баҳолашни қайта кўриб чиқиш — Enquiry on Results (EOR) учун сўров юбориш мумкин.
Бу қандай ишлайди:
Ариза IDP Uzbekistan ёки British Council орқали онлайн ёки имтиҳон марказида берилади.
Қайта текширув ушбу марказга алоқаси бўлмаган мустақил имтиҳон олувчи томонидан ўтказилади.
Агар баҳо ҳақиқатан ўзгарса, тўланган маблағ қайтариб берилади.
Аризани кўриб чиқиш ариза берилган вақтдан бошлаб олти ҳафтагача муддатни ташкил қилади.
Маслаҳат:
Апелляция беришдан олдин хато эҳтимолини диққат билан баҳоланг. Агар фақат битта қисм шубҳа туғдираётган бўлса ва фарқ кичик - атиги 0,5 балл атрофида бўлса, натижани ошириш имконияти бор, лекин бунга аниқ кафолат йўқ.
Ўзбекистонда IELTSга тайёргарлик кўриш ва имтиҳон топшириш учун неча пул кетади?
Имтиҳон формати ва санасини танланганидан сўнг асосий — тайёргарлик ва имтиҳон учун қанча пул кетиши ҳақидаги савол пайдо бўлади.
Шуни алоҳида эътиборга олиш лозимки, оддий инглиз тили курслари IELTS махсус тайёргарлик курсларидан арзонроқ, чунки улар имтиҳон форматига эмас, умумий тил ўргатишга мўлжалланган.
Якун
Репетитор ва курслар нархи ўқитувчининг даражаси, машғулотлар сони ва ҳудудга боғлиқ. Курсни танлашдан олдин таклифларни солиштириш ва нархларни тил марказининг ўзида аниқлаб олиш керак. Мустақил тайёрланиш ва имтиҳон топшириш учун камида 3 млн сўм кетади, репетитор билан тўлиқ дастур эса 12 млн сўмгача тушади. Лекин энг қиммат курслар ҳам юқори натижани кафолатламайди. Барчасини мунтазам машғулотлар, шахсий мотивация ва амалиёт учун қанча вақт сарфланиши ҳал қилади. Репетитор йўналиш бериши мумкин, лекин асосий иш сизнинг зиммангизда бўлади.
Агар натижа кутилганидек бўлмаса, имтиҳонни қайта топшириш мумкин. Хар бир янги тажриба форматни тушуниш ва баллни оширишга ёрдам беради.
Нималарни ёдда тутиш керак?
IELTS ни IDP ёки British Council Uzbekistan орқали топшириш мумкин
Сертификат 2 йил амал қилади
Формат: Academic — ўқиш учун, General — ишлаш ва иммиграция учун
7.0 ва ундан юқори балл —my.gov.uz орқали харажатларни қайтариш имконини беради
Натижаларни текшириш: on computer — 3–5 кун, on paper — 13 кун
Сертификат марказда берилади ёки почта орқали юборилади
Тайёргарлик=стратегия: ёдламанг, балки вазифаларни формат бўйича ечишни ўрганинг
Қайта топширишдан қўрқманг — иккинчи уринишдаёқ ўсиш кўзга ташланади