Жамият | 21:20 / 28.07.2019
60276
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда «снос»: Паркент кўчасида қандай ўзгариш бўлди?

13 июль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Паркент 2 кўчасида яшовчи аҳоли вакиллари билан уй-жой бузилиши масаласида учрашганди. Ҳоким бузилиш ишига масъул қурилиш компанияси вакилига ижобий натижани кўрсатиш учун муддат белгиланган.

Муддат якунлангач, Kun.uz мухбири Паркент 2 кўчасидаги аҳоли билан мулоқот қилди. Вазият деярли ўзгаришсиз қолган.Биз бузиш ишларини якунлашга нималар тўғаноқ бўлаётгани билан қизиқдик.

«Бузиш ишлари бошланганда ҳокимнинг тегишли қарори кўрсатилмади, ҳеч қандай хат ва огоҳлантиришсиз иш бошланганди. Айрим хонадон эгалари билан олди-сотди шартномаси кўринишида келишувга эришиб, уйлар бузилиши бошланди. Компания ҳеч ким билан музокара олиб бормади, балки кўчириб юбориш билан таҳдидлар қилди. Қўшнимиз уйда бўлмаган пайт бульдозер билан ҳожатхонани бузиб ташлашди», — дейди Лолита Мелихова. 

Таъкидланишича, «Али акбар строй сервис» МЧЖ Паркент 2 кўчасида белгиланган ҳудудда бузиш ишларини ўрнатилган тартибда якунига етказса, қурилиш компаниясига шаҳарнинг бошқа ҳудудидан бўш ер-майдон тақдим этилиши айтилган. Компания ишончли вакили Санжар Исроиловнинг айтишича, ҳозирга қадар 64та хонадоннинг 32таси рози қилинди.

Ҳоким иштирокида ўтган тадбиркор ва аҳоли учрашувида, шундан сўнг, мухбир билан сўзлашган аҳоли вакилларининг гапларидан бир нарсани хулоса қилиш мумкин: бузиш ишларига ҳеч ким қарши эмас, компенсация масаласини ўрнатилган тартибда ҳал қилиш лозим, холос.

«Шу йилнинг 18 февраль куни бизга нотаниш одамлар уйимиз атрофида пайдо бўлиб, ёлланма ишчилар билан бир хонадонда бузиш ишларини бошлади. Уларнинг кимлиги, нимага асосланиб шундай қилаётганига қизиқдик. Одамлар яшаб турган уйнинг қўшни деворлари бузилаётгани бизни ажаблантирди. Улар мазкур уйни сотиб олганини гапирди, лекин ҳужжатлар тақдим этилмади. Бир неча кун ўтиб, шу уйнинг том қисмини ҳам бузиш бошланди. Ички ишлар ходимлари ва ҳокимият вакиллари аралашуви билан иш тўхтади. Агар маҳаллада бузиш ишлари бошланса, тартиб ва қоида бўйича ишлар ташкил этилиши керак эмасми?», — дея қўшимча қилади Лолита. 

Мавҳум вазиятда бузиш ишлари бошланганидан чўчиган халқ норозилигини кескин кўрсатиб, ижтимоий тармоқларда хабар тарқатган, бу масала ОАВда ёритила бошланди.

Маҳаллада 1975 йилдан буён истиқомат қилувчи нафақадаги ҳарбий Ботир Раҳиммирзаев яшаб турган хонадонида ошхона, ҳожатхона ва ҳаммомни қайта қурганини таъкидлади.

«Ўзбошимча қурилишларни қонунийлаштириш бўйича ўтказилган бир марталик давлат акциясида иштирок этиб, ҳужжатларни топширдим. Ҳамма келди, ўрганишлар бўлди. Қарор чиқди, тўловни қилдик. Хурсанд бўлдик. Яна таъмирлаш ишини бошладим. Шу пайт қурилиш компанияси вакили пайдо бўлди, гаплашайлик, деб қолди. Уйимдан узоқроқ бўлмаган жойдаги кўп қаватли уйлардан 4 хонали хонадон таклиф қилди. Саккиз киши билан қандай сиғаман, деган саволни берганимда, яшаб турган уйимнинг квадратини сўради. 225 кв. м. майдон ҳақида эшитиб, жим ортига қайтди. Тўсатдан шаҳар прокуратурасидан туман ҳокими қарори (акция бўйича чиқарилган - таҳр.) га протест чиқди. Йигитлар ҳам содда эмаслигини тушундим», — дейди у.

Нафақадаги ҳарбий Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ташкилот эҳтиёжи учун олинаётган уйда яшашини таъкидлаб, бир масалада тушкунлигини изҳор этди:

«Мен нимаики эгалигим бўлса, бердим. Лекин Мудофаа вазирлигидан ҳеч қандай вакил нафақадаги ҳарбий қай аҳволда яшаяпти, нима қийинчиликлар кўряпти, деб ҳол сўрамади. Бу — шармандалик. Хизмат қилганингда кераксан-у, нафақага чиққанда бошқачами?», — дейди у.

Маҳаллада яшовчи Олег Шарафутдинов мол-мулкига шунчаки таҳдид бўлаётганини тасвирлаб берди.

«Йигитлар маъмурий ресурсларга эгалиги билиняпти. Бу қайси ташкилоти, қайси инстанция эканлигини билмайман. Шунчаки, ҳис қиляпман. Одамларга муносабати қўпол, шу ажаблантиради. Бу ердан ҳеч ким кўчиб кетмаган бўларди, улар келгунча шароитимиз яхши эди. Шунга қарамай, қонун бўйича ер-жойимиз олинса, бузиш ишлари бўлиб, кимнинг уйлари бузилиши айтилса, биз кўчамиз. Ҳеч ким қаршилик қилмайди. Лекин компенсация бериш керак-ку, биз таклифларни эшитишга тайёрмиз, фақат қурилиш компанияси ҳоким олдида ваъда бериб, кейин қорасини ҳам кўрсатмади-ку», — дейди Олег.

Биз масалани кузатишда давом этамиз. Ушбу вазиятда ҳокимият қурилиш компаниясига аҳолини рози қилиш шартини қўйган ва қатъий талаб билан низоларни ўзаро музокаралар орқали ечилиши тарафдори. Компания вакилининг ҳам ўз ҳақиқати бор. Буни келгусида мақолада батафсил эълон қиламиз.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид