Спорт | 21:20 / 30.07.2019
5044
2 дақиқада ўқилади

«Элементар футбол майдонлари йўқ академиялар ҳам бор». Равшан Эрматов болалар футболидаги муаммолар ҳақида

Бугун, 30 июль куни Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлисида таниқли футбол ҳаками, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам иштирок этди.

Йирик ташкилот вакили сифатида сиёсий шахслар даврасида илк бор сўзга чиққан Равшан Эрматов болалар футболидаги муаммоларнинг айримларига тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, Ўзбекистондаги мавжуд 14та футбол академиялари номигагина академия холос, уларни мактаб дейишга ҳам тил бормайди.

«Жисмония тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев билан бирга академияларга ташриф буюриб, шарт-шароитларни кўздан кечирдик. Аксарияти бугунги замон талабларига жавоб бермайди. Элементар футбол майдонлари йўқ академиялар ҳам бор экан. Футбол майдонисиз футбол академиясини қандай ташкил қилиш мумкин? Бу ақлбовар қилмайдиган ҳолат. Мазкур масалаларни ҳал этишда ҳозир ФИФА, ОФК билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Улардан мутахассислар ҳам келишиб, академияларни ўрганишди ва манзаралардан ҳайрон бўлишди. Бу муаммоларни бартараф этиш учун 2020-2024 йилги дастурга киритишни илтимос қилдик», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, у 2020 йилда Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари ҳақида ҳам сўз юритди.

«Олимпиада ўйинларига жамоавий ўйинлардан иккитагина номзод бўлса, булардан биттаси шубҳасиз футболдир. Ҳозир олдимиздаги асосий мақсадимиздан бири ҳам Олимпиадага йўлланмани қўлга киритиш. Бу бўйича сербиялик мутахассис ва бош мураббий Любинко Друлович қизғин фаолият олиб боряпти. Режамизга асосан келгуси беш ой мобайнида Осиёнинг Эрон, Жанубий Корея, Қатар, Озарбойжон, Бирлашган Араб Амирлиги каби кучли терма жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказишни мўлжаллаганмиз. Январь ойида Бангкокда кечадиган 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Олимпия терма жамоамизни Олимпиадага олиб чиқишни мақсад қилганмиз», дейди у.

Миролим Исажонов
Тайёрлаган Миролим Исажонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид