Ўзбекистон | 15:25 / 30.07.2019
30784
2 дақиқада ўқилади

Коррупция 6 ойда Ўзбекистон иқтисодиётига 1 665 757 196 000 сўм зарар етказди

2019 йил йилнинг ўтган 6 ойи давомида Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш натижасида давлатга 1,5 трлн сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланган. Шундан 97,3 фоизи ундирилган. Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўтган 6 ой даврида жами 661 нафар турли тоифадаги мансабдор шахсларга нисбатан 590та жиноят ишлари қўзғатилган, 398та жиноят иши бўйича 537 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва қолган жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда, деб хабар қилади Kun.uz мухбири.    

Ҳаёт Шамсуддинов

Шунингдек, Шамсуддиновнинг маълум қилишича, коррупцияга қўл урган ва жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари республика даражасидаги раҳбарлардир. 

«Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 25 нафари республика, 36 нафари вилоят ва 476 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирликлар, идоралар ҳамда корхона ва ташкилотларда ишлаб келган. Мазкур жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 665 млрд 757 млн 196 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 1 трлн 621 млрд 503 млн 587 минг сўми ёки 97,3 фоизи ундирилган», - деди Бош прокуратура расмийси. 

Брифингда коррупция билан боғлиқ жиноятларнинг турларига ҳам ойдинлик киритилди.

«Жиноий жавобгарликка тортилган ходимларнинг 250 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 48 нафари солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш, 71 нафари пора олиш-бериш ёки унда воситачилик қилиш, 51 нафари фирибгарлик, 23 нафари мансабни суиистеъмол қилиш, 18 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 4 нафари мансабга совуққонлик, 7 нафари мансаб сохтакорлиги ва 65 нафари бошқа жиноятлари учун жавобгарликка тортилди», - деди Ҳаёт Шамсуддинов.

Мавзуга оид