Ўзбекистон | 01:28 / 30.07.2019
12365
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ОТМларга кириш имтиҳонларининг биринчи куни бўлиб ўтди. Абитуриентларга етарлича шароитлар яратилганми? 

Республиканинг барча олий таълим муассасаларида бўлгани каби 29 июль эрта тонгдан Навоий вилоятида ҳам абитуриентлар учун кириш имтиҳонларининг биринчи куни бошланди.

Вилоятдаги иккита олий таълим муассасаси – Навоий давлат педагогика ҳамда Навоий давлат кончилик институтларида 34 минг 507 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган бўлса, республика олий таълим муассасалари учун вилоятда тест топшириш истагини билдирган абитуриентлар сони 39 минг 401 нафарни ташкил этди.

Тест синовлари Навоий шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуаси ва яккакураш спорт мактаби залларида бўлиб ўтмоқда.

Синовлар жараёнларида ҳар куни 1350 нафар абитуриентларнинг тест синовларини топшириши учун барча шароитлар яратилди.

Тест синовлари ўтадиган залларда жами 58 та кузатув ва 3 та доира форматида кузатув камералари, шу жумладан, кириш жойларига 3 та шахсни аниқловчи камералар ўрнатилди. Ушбу залларда қўшимча равишда 8 та янги кондиционерлар ўрнатилиб, ҳаво ҳароратининг 28 даражада бўлиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тиббий хизмат пунктлари, жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида назорат постлари, шунингдек, абитуриентларнинг ота-оналари учун дам олиш жойлари, онлайн режимда имтиҳонларни кузатиш учун катта ўлчамли монитор ўрнатилди. Улар учун маданий дастурлар намойиши, савдо ва умумий овқатланиш жойлари ташкил этилди. Тест синовлари ўтадиган жойларни узлуксиз электр энергия билан таъминлаш чоралари кўрилди ҳамда заҳира воситалари билан таъминланди.

Имтиҳонларнинг биринчи кунида вилоят ҳокими Қ.Турсунов ташкилий тайёргарлик масалалар ва тест жараёнлари билан танишди.

Бардошбек САМАД ўғли тайёрлади.

Мавзуга оид