Жамият | 19:13 / 31.07.2019
5593
2 дақиқада ўқилади

Бизнес-омбудсман даъво ариза билан судга чиқди ва тадбиркорга компенсация ундириб берилди

Шеробод туман ҳокимининг 2017 йилдаги қарорига асосан «ASQAR AKRAM AKMAL» хусусий корхонаси фаолият юритаётган бино бузилгани ва компенсация берилмагани бўйича корхона вакиллари Бизнес-омбудсманга мурожаат этган.

Бу масалада бизнес-омбудсман томонидан иқтисодий судга даъво аризаси киритилган. Даъво бўйича хусусий корхонага тегишли бўлган савдо дўкони ва ошхона биносининг бузилган қисми учун 129 655 144 сўм компенсация тўланиши сўралган.

Фуқаролик кодексининг 206-моддасига биноан бундай ҳолатларда зарар олдиндан ва тўлиқ қопланмагунга қадар бузиш тақиқланади. Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 27-бандида эса ер участкаси олиб қўйилиши юридик шахслар кўрган зарар учун компенсация тўлаш тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Ушбу қонун нормалари асос қилиб кўрсатилган.

Шеробод туманлараро иқтисодий суди Бизнес-омбудсманнинг киритган даъво аризасини тўлиқ қаноатлантирган ва «ASQAR AKRAM AKMAL» хусусий корхонаси фойдасига Шеробод туман ҳокимлиги ҳисобидан 129 655 144 сўм компенсация ундирилиши белгиланган.

Мазкур суд қарори кучга киргунча тарафлар апелляция ёки протест берилиши тушунтирилган.  

Бу иш мисолида бизнес-омбудсман ҳуқуқларининг ҳимояси борасида мурожаат қилиш учун эшиклари очиқ эканлигини таъкидламоқда.

Хабар берилишича, бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлар фойдасига кўплаб даъво аризалари киритилган. Ушбу даъво аризалар доирасида судлар томонидан жами 13,6 млрд. сўм миқдорида компенсация пулларини ундириш бўйича қарорлар қабул қилинган. 

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид