Дунёнинг энг йирик 10та банки. Уларнинг ярми Осиёда
Банклар азал-азалдан пул, молия ва иқтисоднинг рамзи бўлган ҳамда асрлар оша дунёга хизмат қилиб келишмоқда. Дунёда минглаб банклар бор, биргина АҚШнинг ўзида 5 мингдан ортиқ бундай муассасалар фаолият юритади. Лекин уларнинг кучли ўнлигига назар ташласак, бутун дунёнинг биринчи иқтисоди-ю молиявий ресурсларини ўзида жамлаган АҚШ вакиллари етакчилар сафида эмаслиги намоён бўлади.
10 – Credit Agricole
Credit Agricole Франциянинг иккинчи ўринда турувчи банки бўлиб, 2,117 трлн долларлик активларга эга. Унинг бозор қиймати 308 млрд долларни ташкил қилади (рейтингда банк активлари ва бозор қиймати ўртасида тафовут мавжуд. Рўйхат банклар бошқарувидаги активларга кўра тузилган). 1894 йилда ташкил этилган бу банк дастлаб фермерларга хизмат кўрсатган ва кейинчалик деярли барча соҳаларни қамраб олган.
9 – Bank of America
Америка номини ўзлаштириб олган Bank of America бу давлатнинг рамзларидан бири ҳисобланади. Дунё бўйлаб сочилиб кетган тармоқлар ва 2,281 трлн доллар активларга эга бу банк обрўси жуда баландлигига қарамай камтаргина 9-ўринни эгаллаган ҳамда бозор қиймати 325 млрд долларни ташкил қилади. Бу жиҳатдан у дунёда учинчи ўринда туради. 2008 йилда Merrill Lynch банкини ўзига қўшиб олганидан сўнг фаолият қамрови янада ортган.
8 – BNP Paribas
Кучли ўнликда Франциянинг яна бир вакили мавжуд. У 2000 йилда Париж Миллий банки (BNP) ва Paribas банклари қўшилувидан ташкил топган ҳамда икки номни ўзида жамлаган. 2,357 трлн. доллар активга эга бу банкнинг дунёнинг 80га яқин давлатларида 40 млн нафардан ортиқ мижозлари бор. Бозор қиймати ҳам ёмонмас – 85 млрд доллар.
7 – HSBC Holdings
Бу банкни бир неча давлатга тегишли дейиш мумкин. HSBC банкининг штаб-квартираси Лондон шаҳрида жойлашган ва унинг тармоқлари бутун Европа бўйлаб сочилиб кетган. 1885 йилда Ҳонгконг ва Шанхай банкалараро кооперацияси томонидан ўша пайтда Британия колониясида ташкил этилган бу муассаса нуфузи асрлар оша кўтарилиб бориб, бугунги кунда 80дан ортиқ давлатларда фаолият юритади. HSBC нафақат кредитлаш, балки инвестицион лойиҳаларда ҳам жуда фаол. Бозор қиймати – 175 млрд доллар.
6 – JPMorgan Chase & Co
Бу рўйхатнинг олтинчи ўрнини эгаллаган АҚШ вакили 2,533 трлн доллар активга эга ва унинг бозор қиймати 390 млрд долларни ташкил қилади. 2000 йилда JPMorgan & Co ва Chase Manhattan Bank банклари қўшилувидан ҳосил бўлган бу улкан молиявий ташкилот нафақат АҚШда, балки дунёнинг турли нуқталарида ўз хизматларини кўрсатади.
5 – Mitsubishi UFJ Financial Group
Кучли бешликни япон банки бошлаб берганига нима дейсиз? 2005 йилда Bank of Tokyo-Mitsubishi ва UFJ Bank молиявий ташкилотлари қўшилувидан юзага келган бу улкан банк 2787 трлн долларлик активларга эга ҳамда бозордаги баҳоси салкам 112 млрд долларни ташкил қилади.
4 – Bank of China
Кучли тўртликнинг барча ўринларини кўпчилик сезганидек Хитой банклари эгаллаган. Bank of China 2,991 трлн долларлик активлари билан бу рўйхатни бошлаб беради. 1912 йилда асос солинган бу банк дастлабки 30 йил давомида Хитой давлати банкнотлари эмиссияси билан ҳам шуғулланган. Ҳозирги кунда Bank of China 30га яқин давлатда иш юритади ва суғурта фаолияти билан ҳам шуғулланади. Бозор баҳоси – 180,6 млрд доллар.
3 – Agricultural Bank of China
Хитойнинг бу банкини қисқартириб AgBank ҳам дейишади. Бу номни олганига сабаб асосан қишлоқ хўжалигини молиялаштиришга ихтисослашувидир. 3,235 трлн активга эга бу банк 1951 йилда Cooperation Bank ва the Farmers Bank ташкилотлари қўшилувидан ҳосил бўлган. Банкнинг Хитой бўйлаб 25 мингдан ортиқ филиаллари ва 330 млн нафардан ортиқ мижозлари бор. Бозор қиймати – 204 млрд доллар.
2 – China Construction Bank Corp
Қисқартириб CCB дея аталувчи бу банк номида «Хитой Қурилиш Банки» деган маъно ётади. Асосий идораси Пекинда жойлашган бу банк 3,4 трлн доллар активларга эга ва корпоратив мижозларга инвестицион хизматлар ҳам кўрсатади. Шунингдек, ғазначилик соҳасида ҳам фаолият юритади ва қимматли қоғозлар бозорига аралашади. 2013 йилга қадар CCBнинг 10 фоиз акциялари Bank of America ихтиёрида бўлган. Бозор қиймати – 253 млрд доллар.
1 – Industrial & Commercial Bank of China
Ўзбекчасига «Хитой саноат-тижорат банки» номли бу улкан молия муассасаси ўзининг 4,009 трлн долларлик активлари билан дунё етакчиси ҳисобланади. 1984 йилда давлат томонидан асос солинган бу банк 2006 йилда илк бор ўз акцияларини сотувга чиқарган ва 48,4 млрд акцияларини (умумий 18 фоиз) сотиш ортидан 20 млрд доллар ишлашга муваффақ бўлган.
Бугунги кунда ICBC банки Хитойнинг ўзида ярим миллион нафардан ортиқ ходимларга эга. Шунингдек, Канада, Макао, Туркия каби давлатларда ҳам доимий ваколатхоналарига эга. Биринчиликда бўлсада, бозор баҳоси камтаргина – 180,6 млрд доллар.
Ҳаммаси қиёслашда маълум бўлади. Ўзимизнинг банкларни юқоридаги рўйхат билан солиштиришга ҳали эрталигини ҳисобга олиб, Россиянинг энг йирик банки – «Сбербанк» мисолида қиёсласак, 480 млрд долларлик активларга эга бу банк юқоридаги рўйхатнинг энг охирги ўрнидаги банкдан деярли 5 баробар, етакчисидан деярли 9 баробар кичик эканини билиб оламиз.
Аброр Зоҳидов тайёрлади
Мавзуга оид
08:50 / 30.04.2024
АҚШ Молия вазирлиги Россия банклари билан операцияларга вақтинча рухсат берди
14:13 / 29.04.2024
FT: Ғарб банклари Россияда 800 млн евро солиқ тўлаган
12:47 / 10.04.2024
Марказий банк байрам ва дам олиш кунлари ишлайдиган банклар рўйхатини маълум қилди
09:32 / 05.04.2024