Жамият | 19:00 / 31.07.2019
15903
3 дақиқада ўқилади

Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Элмира Боситхонованинг «бозорчи аёллар» ҳақидаги гапларига муносабат билдирди

Бугун, 31 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда «Миллий тикланиш» партияси раиси, марказ раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги «Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти ва ижроси юзасидан маълумот берди, шунингдек, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди.

Тадбирда Алишер Қодировдан бир муддат аввал Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «бозорчи аёллар» борасида айтган фикрларига қандай муносабат билдириши, умуман, бу борада  Республика Маънавият ва маърифат маркази қандай позицияда эканлиги сўралди.

«Чиндан ҳам Элмира Боситхонова кескин гапирди. Бозордаги аёллар ҳам маънавиятлими, маънавиятсизми, бошқалар қатори тенг ҳуқуқли Ўзбекистон фуқароси. 

Тўғри, бозордаги аёлларни ўзимиз ҳам кўрганмиз, айримлари бор, оғзидан «боди кириб, шоди чиқади», беш сўм пул учун одамнинг ёқасига ёпишадигани ҳам бор, лекин уларни бегона деб бўлмайди. Бундай жиҳатлар фақат аёлларда эмас эркакларда ҳам, умуман, бутун жамиятда шундай қатлам бор. Хўш, биз улардан кечишимиз керакми? Уларнинг пешонасига маънавиятсиз тамғасини ёпиштириб, учинчи қатлам, тўртинчи қатлам сифатида ажратишимиз керакми? Йўқ. Улар билан ишлаш керак.

Менимча, Элмира Эркиновна шу нарсани инобатга олиб гапирган. Балки бу сўзлар ОАВда кескинроқ ёритилгандир. 

Бизнинг позицияга келсак, ҳеч кимдан воз кечмаймиз, ишлашда давом этамиз. Аммо бунда кўп омиллар инсоннинг ўзига боғлиқ. Педагогикада шундай гап бор-ку: Инсоннинг дунёқарашини ўзгартиришдек машаққатли масала йўқ. Дунёқараш икки ҳолда ўзгариши мумкин: Биринчиси, ҳаётда хато қилинади ва инсоннинг ўзи шу хатолардан хулоса чиқаради. Иккинчиси, киши нотўғри йўлда эканини тушунади, китоб ўқийди, маърифат излайди, Худонинг неъмати - идрокини ишлатади ва йўлини ўзгартиради. Учинчи ҳолат йўқ!», дея Алишер Қодировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 11 июль куни Хотин-қизлар қўмитасининг брифинги ўтказилган ва унда  қўмита раисининг бозордаги сотувчи аёллар ҳақидаги сўзлари ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Кейинчалик Хотин-қизлар қўмитаси раддия берган, Элмира Боситхонова муҳокамаларга изоҳ бериб, унинг фикри тўғри талқин қилинмай, мазмундан узиб олинган алоҳида жумлалар янглиш тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлаётганини билдирганди.

Мавзуга оид