Ўзбекистонга киритилаётган хорижий инвестиция ҳажми маълум қилинди
Бугун, 1 август куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мутасаддилари иштирокида республикага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, инвесторлар манфаатини ҳимоя қилишда қилинаётган ишлар борасида брифинг ўтказилди.
Анжуманда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Зафар Хўжаев мамлакатга киритилаётган инвестиция ҳажми бўйича маълумот берди.
«2019 йилнинг дастлабки олти ойида умумий инвестицияларнинг умумий ҳажми 101 трлн сўмни ташкил этди. Хорижий инвестиция улуши 5,6 млрд АҚШ долларига тенглашди. 2,1 млрд АҚШ доллари давлат кафолати асосидаги, қолган 3,5 млрд АҚШ доллари эса тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобланади. Кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 4,3 бараварга ошди. Ўтган йил давомида 2,8 млрд АҚШ доллари ўзлаштирилди. Айни вақтда чет эл инвесторлари қурилиш, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, электротехника, металлургия соҳасига кўпроқ сармоя киритишяпти. 2018 йилгача нефть-газ йўналиши устунлик қилган. Ҳозир унинг даражаси 73 фоиздан 35 фоизга тушди. Бу дегани қолган соҳаларга ҳам инвестиция кириб кела бошлаяпти», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Хўжаевнинг қўшимча қилишича, республикага инвестиция асосан Хитой, Россия Федерацияси, Туркия, Германия, Франция, Жанубий Корея ва БААдан кириб келмоқда. Шунингдек, таъкидланишича, инвестиция миқдорининг ЯИМдаги улуши сезиларли ошган. 2018 йили умумий инвестициянинг ЯИМдаги улуши 32 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йил биринчи ярим йиллигида 47 фоизга етди. Бундан тўғридан-тўғри инвестиция улуши 14 фоизни ташкил этди.
Мавзуга оид
23:15 / 28.03.2023
Асакабанк ва Ўзсаноатқурилишбанк капиталига хорижий инвестициялар жалб этилади
22:20 / 12.01.2018
Ўзбекистон 2017 йилда 2,4 млрд долларлик хорижий инвестиция ўзлаштирди
15:36 / 15.12.2016