Жамият | 22:20 / 01.08.2019
45455
4 дақиқада ўқилади

«Тонировка», «снос», «дарахткесарлар»: Бош вазир ўринбосари депутатларга нималар тўғрисида маълумот берди?

1 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастурининг 2019 йил II чорагида бажарилиши юзасидан ҳисоботи” кўриб чиқилди. Хисоботни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этди. Тадбирда барча мутасадди вазирликлар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Маърузада таъкидланганидек, 2019 йилнинг I ярим йиллигида 139 та топшириқ белгиланган бўлиб, 106 банд ижроси тўлиқ бажарилган. Жумладан, II чоракда Давлат дастурининг 77 та банди ижроси таъминланиши режалаштирилган бўлиб, ҳисобот даврида 55 та банднинг (71 фоиз) ижроси тўлиқ бажарилган. Бунда, жами 50 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан 2 та Ўзбекистон Республикасининг қонуни, 2 та Олий Мажлис палаталарининг қарори, Президентнинг 8 та фармони ва 19 та қарори ҳамда 19 та Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари қабул қилинди

Бундан ташқари, I ярим йилликда якунига етказилмаган 23 та банд ижроси бўйича ишлар турли босқичларда амалга оширилмоқда ва 10 та банднинг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилган.

Азиз Абдуҳакимов маърузада кенг жамоатчилик ва депутатлар томонидан сўнгги пайтларда кўтарилаётган ижтимоий муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифлар ҳукумат томонидан эътиборда эканлигини қайд этди. Шунингдек, мамлакатимиз тараққиётига бефарқ бўлмаган барча оммавий ахборот воситалари, блогерлар, фуқароларимиз ва депутатларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси вакиллари томонидан кўтарилган ва Вазирлар Маҳкамасига юборилган “тонировка” ва “термоплёнка” масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, эълон қилиниши кутилаётган қарорда фракциянинг таклифлари ҳам ўз аксини топгани таъкидланди, деб хабар беради Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати.

Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов ўз маърузасида бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланган турар ва нотурар жойларни бузиш ҳамда уларга компенсация масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

Маълумот берилишича, ҳозиргача юридик шахсларнинг бузилишга тушган 3800 та объектнинг жами компенсация миқдорининг 70 % маблағи тўланмаган. Бу қарздорликнинг асосий қисми Тошкент шаҳри, Хоразм ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Энди бундай бўлмайди.

Янги тизим бўйича вилоят ҳокимлари томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Вазирлар Маҳкамасида бош вазир биринчи ўринбосари А.Раматов томонидан шаҳарсозлик талаблари бўйича пухта ўрганилади. Молиявий тўловларни ўз вақтида тўлаб бериш масалалари бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоровга киритилиб, улардан тегишли ҳисоб-китоблар олингандан сўнг бош вазирга таклиф сифатида киритилади. Фақатгина шундан сўнг бузиш масаласи бўйича бир қарорга келинади.

Азиз Абдуҳакимов дарахтларнинг ноқонуний кесилиш масаласига ҳам эътибор қаратди. Дарахтларни кесиш бўйича ҳам депутатлар, кенг жамоатчиликдан кўплаб таклифлар, эътирозлар келиб тушаётгани қайд этилди. Бу бўйича ҳам алоҳида чора-тадбирлар белгиланиб, жазоларни янада кучайтириш, бунга жамоатчиликни кенг жалб этиш, умуман олганда, бутун республика бўйича дарахтларни кесиш ҳолларига бутунлай чек қўядиган Вазирлар Маҳкамаси қарори тайёрланаётгани эътироф этилди.

Мавзуга оид