Ўзбекистон | 13:52
615
3 дақиқада ўқилади

Охирги ўн йилликларда Марказий Осиё музликлар ҳажмининг 30 фоизигача қисмини йўқотди ва бу жараён тезлашяпти – Азиз Абдуҳакимов

Тоғлардаги музликларнинг эриши тезлашиб бораётгани фонида Ўзбекистон ҳукумати минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга урғу беряпти. «Марказий Осиёдаги тоғ экотизимлари сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни таъминловчи асосий омиллардан биридир. Хусусан, минтақа сув ресурсларининг 80 фоизигача бўлган қисми айнан тоғларда шаклланади ва бу бевосита мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига таъсир кўрсатади», дея таъкидлади Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Бугунги кунда Марказий Осиё иқлим ўзгаришига энг заиф ҳудудлар қаторига киради. Жаҳон метеорология ташкилотининг 2020 йил март ойидаги ҳисоботига кўра, минтақада исиш суръатлари глобал ўртача кўрсаткичдан икки баравар юқори ҳисобланади. Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Минтақавий экологик саммит доирасида чиқиш қилган Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов тоғли ҳудудлардаги экологик вазиятни барқарорлаштириш борасида қатор таклифларни илгари сурди, дея хабар берди Kun.uz мухбири. 

«Марказий Осиёдаги тоғ экотизимлари сув, озиқ-овқат ва экологик хавфсизликни таъминловчи асосий омиллардан биридир. Хусусан, минтақа сув ресурсларининг 80 фоизигача бўлган қисми айнан тоғларда шаклланади ва бу бевосита мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, хавотирли тенденциялар кузатилмоқда. Сўнгги ўн йилликларда минтақа музликлар ҳажмининг 30 фоизигача қисмини йўқотди ва бу жараён тезлашишда давом этяпти. Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ва фаол чораларни бошлаш тарафдори. Биз трансчегаравий мослашув дастурларини амалга оширишни, тоғ кун тартибини миллий иқлим мажбуриятлари ва мослашув режаларига интеграция қилишни қўллаб-қувватлаймиз», деди Азиз Абдуҳакимов.

Экоқўмита раиси тоғ ўрмонлари ва яйловларини тиклаш, сув йиғиш ҳудудларини ҳимоя қилиш ҳамда экотизимларни барқарор бошқаришга алоҳида аҳамият қаратилишини таъкидлаб ўтди.

«Шу ўринда тоғ ҳудудларини ўрганиш бўйича илмий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таклиф этамиз. Бу аҳолининг экологик саводхонлигини ошириш учун тоғ биохилма-хиллиги ҳолати ҳақида долзарб маълумотлар беришга хизмат қилади. Бундай ёндашув биохилма-хиллик учун муҳим ҳудудларда инсон ва ёввойи табиат ўртасидаги можароларнинг олдини олишга ҳам ёрдам бериши мумкин», деди у.

Абдуҳакимовга кўра, Марказий Осиё мамлакатларининг иқлим ўзгаришига мослашиши учун миллиардлаб доллар пул керак, аммо амалдаги молиялаштириш даражаси жуда чекланганлигича қоляпти. Шу жиҳатдан, халқаро ташкилотлардан маблағ жалб қилишни кенгайтириш керак. 

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид