Ўзбекистон | 19:49 / 02.08.2019
17099
2 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим вазири электрон навбатдаги носозликлар бўйича изоҳ берди

Бугун, 2 август куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача таълим вазирлиги раҳбарияти иштирокида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда иштирок этган мактабгача таълим вазири Агриппина Шин мактабгача таълим муассасаларига электрон навбат дастуридаги носозликлар хусусида изоҳ берди.

“Президент қарорига мувофиқ, илк бор мактабгача таълим тизимида Давлат хизматлари агентлиги, UzInfoCom билан ҳамкорликда инновацион дастур ─ электрон навбат йўлга қўйилган эди. 2018 йилнинг 4 апрелидан бошлаб тест режимида иш бошлаган мазкур дастур бўйича натижаларни ўтган ўқув йилининг якунида таҳлил қилдик. Объективлик ва шаффофликка таъсир кўрсатган турли омилларни инобатга олган ҳолда, 20 июнь куни дастур тўхтатиб қўйилган эди. Дастурни халқаро ташкилотлар ─ UNICEF ва OpenEMIS билан ҳамкорликда янада такомиллаштирдик. Камчиликларни тўғриладик. Электрон навбат дастурида инсон омили умуман иштирок этмаслиги масаласи кўриб чиқилди. Икки кун олдин дастур қайта ишга туширилган эди. Афсуски, объектив сабаблар туфайли дастур яна тўхтаб қолди. Ҳозирда катта ишчи гуруҳ бу муаммони ҳал қилиш устида ишламоқда. Душанба куни (5 август) дастур фаолияти тўлақонли равишда йўлга қўйилиши режалаштирилган. Электрон навбат бўйича график ҳам тўлиқ ишга тушади”, ─ деди Агриппина Шин.

 

Мавзуга оид