2019 йил 1 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида шундай муҳим тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи ярмида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи парламентда эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳисоботни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов тақдим этди.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини баён қилди. Жумладан, халқ вакиллари Давлат дастуридаги жами 139 та банддан 23 таси (16,5 фоизи)нинг ижроси тўлиқ таъминланмаганини асосли танқид қилдилар. Хусусан, қонун ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, иқтисодий фаолиятдаги давлат иштирокининг аниқ чегараларини белгилаш, 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бугунги кунга қадар қабул қилинмаган. Давлат дастурида назарда тутилган қатор қонун лойиҳалари устида олиб борилаётган ишларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, уларни ўз вақтида ва пухта ишлаб чиқиш, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш, парламент қуйи палатасига кўриб чиқиш учун киритиш борасидаги ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаган. Натижада «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги, «Дипломатик хизмат тўғрисида»ги, Солиқ кодексининг янги таҳририни тасдиқлаш каби қонун лойиҳаларини белгиланган муддатларда тайёрлашда қатор муаммолар юзага келмоқда.

Дастурнинг 155-бандида белгиланган давлат тиббиёт муассасаларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, хусусан, 16 та тумандаги тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш механизмларини жорий этиш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилмаяпти. Аҳолига кўрсатилаётган онкологик тиббий хизмат сифатини ошириш ва профилактик тадбирлар қамровини кенгайтиришга йўналтирилган Давлат дастури доирасидаги амалий чора-тадбирлар ҳам ҳанузгача якунига етказилмаган.

Ички автомобиль йўлларининг ҳозирги ҳолати, уларни таъмирлаш ҳамда сақлаш ишларининг талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди. Давлат дастурининг 178-бандига мувофиқ шаҳар кўчалари ҳамда бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлашга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.