Жамият | 21:40 / 06.08.2019
16407
4 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Ўрта Чирчиқда фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят иши унинг вазир ҳақидаги видеосига алоқадор эмас

6 август куни телеграмдаги «Alimoff» каналида 12 июнь куни «Озодлик»да чиққан видео муаллифига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани, у гумонланувчи сифатида сўроқ қилинаётгани ҳақида хабар чиқди. Унда «Ўзбекистон вазир ва оддий фуқаро бирга яшай оладими? Видеони кўриб фикр билдиринг!» номли видеохабар муаллифи, Ўрта Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи Мирсаид Ҳайдаров Алоқа ва ахборотлаштириш коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Содиқовнинг уйининг олдини видеога олиб, вазирнинг уйини олди асфальт қилингани, оддий халқ юрадиган кўча эса лой эканлигини кўрсатгани учун, унга нисбатан прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумот берилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’нинг жиноят иши ҳақида маълумот беришни сўраб қилган мурожаатига жавоб йўллади. Унга кўра, фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят иши 12 июнь куни эълон қилинган видеога алоқадор эмаслиги маълум бўлди.

«Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 24 июль куни фуқаро М.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши қўзғатилишига Ўрта Чирчиқ тумани «Қурама овул чувулдоқ» маҳалла фуқаролар йиғини Саховат кўчасида яшовчи Н.С. ва унинг укаси Р.М.нинг 3 июль куни Ўрта Чирчиқ туман прокуратурасига фуқаро М.Х. фарзандларини кўриш баҳонасида яшаш хонадонига келиб, жанжал чиқариб, оиласини шарманда қилиш мақсадида мунтазам равишда турли идораларга туҳматдан иборат аризалар билан мурожаат қилиб келаётганлиги боис унга нисбатан чора кўришни сўраб йўллаган аризалари асос бўлган.

Жумладан, фуқаро М.Х. 6 май куни Ўрта Чирчиқ тумани ИИБга, 14 май куни  Ички ишлар вазирлигининг ишонч телефонига, 19 май куни туман ИИБ бошлиғи номига, 16 июнь куни Ўрта Чирчиқ тумани ИИБга, 7 июнь куни Тошкент вилоят прокуратурасига, 17 июнь куни Ўрта Чирчиқ туман прокуратурасига йўллаган аризаларида собиқ турмуш ўртоғи Н.С., собиқ қайнонаси Л.С. ва собиқ қайнукаси Р.М.нинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилган. Лекин ўрганиш жараёнида (хусусан, видеокузатув камераси орқали олинган тасвирлар орқали) ушбу аризаларда келтирилган важлар ўз исботини топмаган, аксинча уларга нисбатан туҳмат қилганлиги аниқланган.

Аниқланишича, М.Х. 22 январь куни Ўрта Чирчиқ туман маъмурий судининг қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (туҳмат), 41-моддаси (ҳақорат қилиш), 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси 1-қисмида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилиб, тайинланган 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

Мазкур жиноят иши қўзғатилишига ижтимоий тармоқларда 12 июнь куни эълон қилинган «Ўзбекистон вазир ва оддий фуқаро бирга яшай оладими? Видеони кўриб фикр билдиринг!» сарлавҳали видеоролик асос бўлмаган ҳамда видеороликнинг жиноят ишига алоқаси мавжуд эмас», дейилади Бош прокуратура изоҳида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид