Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятида ЙТҲга учраган Nexia-2 ёниб кетди
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида Cobalt йўлдан қайрилиб олаётган Nexia 2 га бориб урилди. ЙТҲ оқибатида иккинчи машинада ёнғин юзага келди. Ҳеч ким жароҳатланмади.
Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ўрта Чирчиқ туманида автомобилда келиб чиққан ёнғин тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, 24 март куни соат 17:30 ларда Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтган Тошкент шаҳри—Нурафшон шаҳри автомобил йўлининг 17-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бунга Nexia-2 русумли машина рухсат этилган жойдан қайрилиб олаётган вақтда, Нурафшон—Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган Cobalt у билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида Nexia-2 русумли машинада ёнғин келиб чиққан.
Таъкидланишича, ЙТҲ ва ёнғин оқибатида ҳаракат иштирокчиларининг соғлигига зиён етмаган.
«Ҳолат юзасидан Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ишлари амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Банк-молия академияси биноси олдида транспорт воситаси ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.