ССВ: Ўзбекистонда қизамиқ касаллиги билан боғлиқ нохуш вазият кузатилмаган. Эпидемиологик ҳолат назорат остида
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда қизамиқ тарқалаётгани ҳақидаги хабарларни ўрганиб, интернтет нашрларида тарқалган хабарга муносабат билдирди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабарига кўра, Европанинг қатор давлатларида сўнгги икки йил давомида қизамиқ касаллиги бўйича эпидемиологик нохуш вазият сақланиб қолмоқда. Ушбу касалликдан ўлим кўрсаткичлари ўтган йилда мазкур ҳудудда 72та ҳолатда қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ҳолат юзага келишига асосий сабаб – бу эмлашдан воз кечиш ва натижада аҳоли орасида эмлаш билан қамраб олиш даражасининг камайишидир. Шунинг учун ҳам, 2019 йилда қизамиқ касаллиги бўйича ҳолат нафақат Европа, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам нохуш вазият кузатилмоқда.
«2019 йил январдан 5 августгача бўлган муддатда Самарқанд вилоятида 419та ҳолатда қизамиққа гумон қилинган бўлиб, улардан 29 нафарида касаллик тасдиқланган. ЖССТ хулосасига кўра, мамлакатимизга қизамиқ вируси бошқа давлатлардан кириб келгани тасдиқланди. 2018 йилда республика бўйича қўшимча профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар натижасида 22 310 нафар киши қизамиқ касаллигига қарши эмланди.
Самарқанд вилоятида касалликнинг келиб чиқишининг асосий сабаби ҳам қизамиққа қарши эмланмаган чет эллик фуқаролар бўлган. Аҳоли орасида ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатиш мақсадида улар билан мулоқотда бўлгани гумонланган 11101 киши эмланган. Ўлим ҳолатлари умуман қайд этилмаган.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасига 2017 ва 2018 йилларда ЖССТнинг «Қизамиқ ва қизилча касаллигининг элиминацияси», яъни, ушбу касалликларнинг маҳаллий тарзда тарқалиши тўхтатилгани тўғрисида халқаро сертификати берилган. Унга мувофиқ, мамлакатимиз учун индикатор кўрсаткичи 100 000 нафар аҳоли сонига нисбатан 2та ҳолатда касаллик тасдиқланиб, рўйхатга олиниши мумкин. Ҳозирда бизда бундай ҳолат кузатилмаяпти. Қолаверса, айни пайтда элиминацияни, яъни қизамиқ тарқалишининг тўхтатилганлик ҳолатини сақлаб қолиш борасида барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш ва ўчоқларини тўлиқ бартараф этиш мақсадида қўшимча равишда 100 000 доза қизамиқ вакцинаси олиниб, эмлаш учун жойларга етказилди. Шунингдек, қизамиқ касаллигини ўз вақтида аниқлаш, тарқалиб кетишининг олдини олиш ва даволаш ҳамда болаларни вакцина профилактикаси билан қамраб олиш мақсадида эпидемиологик назорат кучайтирилди.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда қизамиқ касаллигининг профилактикаси ва эпидемияга қарши кураш тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Ушбу жараёнга давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор, йиллар давомида тўпланган тажриба ва аниқ таҳлиллар мазкур касалликни энг паст кўрсаткичда ушлаб туриш ҳамда уни тўлиқ бартараф этиш имконини бермоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТ томонидан ушбу тизимли тадбирларнинг бажарилиши қатъий назоратга олинган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг телеграм каналидаги хабарда.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024