Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган янги ҳисоботда маълум қилинишича, 2000–2024 йиллар давомида аҳолининг изчил эмланиши натижасида дунёда қизамиқдан ўлим 88% га қисқарган. 2000 йилдан бери қизамиққа қарши вакциналар қарийб 59 миллион одамнинг ҳаётини сақлаб қолган.
Шунга қарамай, 2024 йилда қизамиқдан 95 минг киши вафот этган, уларнинг аксарияти беш ёшдан кичик болалардир. Бу 2000 йилдан буён кузатилган энг паст йиллик ўлим кўрсаткичларидан бири.
Вафотлар камайган, бироқ глобал миқёсда қизамиқ билан касалланиш сони ошмоқда: 2024 йилда тахминий инфекция ҳолатлари сони 11 миллионни ташкил этган, бу пандемия бошланишидан олдинги 2019 йилга нисбатан қарийб 800 мингта кўп.
Ҳисоботга кўра, 2024 йилда қизамиқ билан касалланиш 2019 йилга нисбатан:
- Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақасида – 86%,
- Европа минтақасида – 47%,
- Жануби-Шарқий Осиё минтақасида – 42% ошган.
Африка минтақасида эмлаш қамрови кенгайгани туфайли касалланиш 40% га, ўлим эса 50% га камайган.
Сўнгги касалланиш тўлқинлари болалар озиқланиши яхшироқ ва тиббий ёрдам олиш имкониятлари кенгроқ бўлган мамлакатларда кузатилмоқда. У ерларда болалар қизамиқдан камроқ вафот этяпти, бироқ инфекцияланганлар кўр бўлиб қолиш, пневмония ва энсефалит (мия тўқималарининг инфекцион яллиғланиши) каби оғир умрбоқий асоратлар хавфи остида қолмоқда.
“Қизамиқ дунёдаги энг юқумли вирусдир. У чегараларни тан олмайди. ҳудудлардаги ҳар бир болани эмлаш уларнинг ҳаётини сақлаб қолади, иқтисодий йўқотишларнинг олдини олади ва бутун мамлакат бўйлаб касалликни йўқотиш имконини беради”, – дейди ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус.
Эмлаш даражаси ҳали ҳам барча аҳоли қатламларини тўлиқ қамраб олмаяпти
ЖССТ ва ЮНИСЕФ ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йилда болаларнинг 84%ига қизамиқ вакцинасининг биринчи дозаси қилинган, бироқ атиги 76%и иккинчи дозани олган. Бу аввалги йилга нисбатан бироз яхши кўрсаткич бўлиб, эмланган болалар сони 2 миллионга ошган. ЖССТ тавсияларига кўра, инфекция тарқалишини тўхтатиш ва эпидемияларнинг олдини олиш учун икки доза билан камида 95%лик қамров зарур.









