Сергели кичик саноат зонасида ёнғин содир бўлди
2019 йилнинг 9 август куни соат 12:23да, Тошкент шаҳар Сергели тумани, Обиҳаёт кўчаси 1-уй, Сергели кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган паралон ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотида айтилишича, хабар асосида ёнғин жойига зудликда 7 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган.
Бўлинмалар чақирилган манзилга соат 12:28да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 12:50да қуршаб олиниб, соат 13:04да ўчирилган. Ёнғиндан цех биносининг 5000 кв.метр майдондаги қурилмалари сақлаб қолинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин оқибатида ишлаб чиқариш цехининг 150 кв.м. майдони ёниб зарарланган.
Ёнғин пайвандлаш ишларини олиб боришда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузилиши оқибатида содир бўлган, деб тахмин қилинмоқда. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.