Ўзбекистон | 13:42 / 12.08.2019
7964
3 дақиқада ўқилади

Маҳсулот экспортида ташиш харажатларини компенсация қилиш тартиби тасдиқланди 

Фото: Shutterstock

Ҳукумат қарори билан Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Низомга кўра, маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга маҳсулотни экспорт қилишда темир йўл транспортида ташиш бўйича харажатларининг 50 фоизигача қисми давлат бюджети ҳисобидан қопланиши тартиби белгиланди.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги манфаатдор субъектларга компенсация тақдим этиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Шунингдек, манфаатдор субъектлар 2019 йил 1 майдан бошлаб экспорт қилган маҳсулотлари бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисмига компенсация олиш учун ариза топшириш ҳуқуқига эга.

Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганда ваколатли орган томонидан аризалар 7 иш куни давомида кўриб чиқилади.

Молия вазирлиги ваколатли орган буюртманомасига асосан 3 иш кунида давлат бюджетидан субсидия маблағларини ваколатли органга, ваколатли орган эса ушбу маблағни 3 иш куни мобайнида манфаатдор субъектнинг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб беради.

Компенсация берилган манфаатдор субъектларнинг реестри юритиб борилади.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомга асосан манфаатдор субъектларга компенсация тақдим этиш учун:

манфаатдор субъект Ўзбекистонда давлат рўйхатига олинган;
маҳсулотлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган;
маҳсулотлар Ўзбекистон билан чегарадош бўлмаган мамлакатларга экспорт қилинган (тухум маҳсулоти бундан мустасно);
маҳсулот белгиланган тартибда экспортга расмийлаштирилган;
маҳсулот учун камида 30 фоиз тўловлар тушган ёки банк аккредитиви очилган;
экспорт шартномасида маҳсулотни етказиш харажати манфаатдор субъект зиммасига юкланган ва ушбу харажатлар учун тўловлар ушбу субъект томонидан амалга оширилган бўлиши зарур.

Компенсация олиш учун аризаларга қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

экспорт ёки воситачилик шартномаси;
божхона юк декларацияси нусхаси;
манфаатдор субъект билан темир йўл транспортида юкларни ташиш бўйича тузилган шартнома нусхаси;
манфаатдор субъект томонидан темир йўл ташкилотига тўловни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
маҳсулот экспорт қилинган давлат божхона органи ва юкни қабул қилган темир йўл станцияси белгиси қўйилган юкхат нусхаси;
юк юборилган станциядан юкни қабул қилиб олган сўнги станциягача бўлган масофа тўғрисидаги маълумот;
маҳсулотларнинг келиб чиқиш сертификати нусхаси.

Мавзуга оид