Ўзбекистон | 22:27 / 07.04.2026
2888
2 дақиқада ўқилади

Давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш тартиби белгиланади

Сенатнинг навбатдаги мажлисида «Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди ва маъқулланди.

Фото: Getty images

Таъкидланганидек, бугунги кунда давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш ягона қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинмасдан, 10 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгиланган.

Аммо фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплашда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пул тўловларини амалга оширишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмас. Шу боис ушбу соҳадаги муносабатларнинг ва тартиб-таомилларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш алоҳида қонун ҳужжатини қабул қилиш заруратини юзага келтирмоқда.

Таъкидланишича, мазкур Қонун юқорида қайд этилган масалаларнинг ҳуқуқий ечими бўлиб, унинг мақсади давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган органнинг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда зарарнинг ўрнини регресс тартибида ундиришни тартибга солишдан иборатдир.

Зарарнинг ўрни қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритиши белгиланмоқда.

Қонунда қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби асосий принциплар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, мулкий зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари аниқ кўрсатилмоқда.

Сенаторлар қайд этганидек, Қонуннинг қабул қилиниши қонунга хилоф қарорлар туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга хизмат қилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид