Ўзбекистон | 13:11 / 14.08.2019
13314
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги айрим хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текширишни режалаштирмоқда 

Бугунги кунда республикада лицензияга эга 61 та хусусий бандлик агентликлари фаолият юритаётган бўлиб, айрим хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқароларга ишга жойлашиш борасида хизматлар кўрсатилиши учун улардан олдиндан 100 фоиз тўловларни амалга ошириш талаб этилмоқда ва ундирилган тўловлар эвазига фуқароларни ишга жойлаштириш хизматлари кўрсатилмай қолмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати хабарида айтилади.

Қайд этилишича, натижада фуқаролар томонидан хусусий бандлик агентликларига тўлаган маблағларини қайтариш талаб этилганда, ушбу маблағлар қайтарилмаяпти ёки хизматлар кўрсатилмаган бўлса-да, маблағларнинг маълум бир қисми асоссиз ушлаб қолинмоқда.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ вазирлик томонидан фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида айрим хусусий бандлик агентликларининг фаолиятини текшириш режалаштирмоқда.

Текшириш якуни бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий бандлик агентликларининг лицензиясини тўхтатиш, тугатиш, бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади, шунингдек Низом ва Битим талабларини бузган Хусусий бандлик агентликлари бўйича тўпланган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.

Мавзуга оид