Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида Бузилиши лозим бўлган иморатларни баҳолаш тартиби лойиҳаси муҳокама қилинмоқда, деб ёзади Norma эксперти Олег Заманов.
Бузилиши лозим бўлган иморатларни баҳолаш – ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш механизмининг муҳим элементи. У фуқаролар ва юридик шахсларга уларнинг уй-жойлари, ишлаб чиқариш ва бошқа қурилмалари, иншоотлар ва дов-дарахтлари бузилганлиги, олиб қўйилганлиги билан боғлиқ қопланадиган зарар миқдорини белгилайди. Айнан шу сабабли, амалиётда бўлғуси низоли вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ушбу тартиб-таомилни тўлиқ ва батафсил тартибга солиш жуда муҳимдир.
Ушбу масалага оид мавжуд норматив база мазкур талабга тўлиқ жавоб бера олмайди. Бузилаётган мол-мулкни баҳолаш ушбу таомилнинг барча жиҳатлари очиб берилмаган ҳолда қуйидаги ҳужжатларда қайд этилади:
• «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун;
• Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом;
• Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари ижарачилари ва мулкдорларининг кўрган зарарларини, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом.
Бу нуқтаи назардан ишлаб чиқилган лойиҳа тўғри йўналишда қилинган қадам бўлди. Ҳужжатда объектларни баҳолашнинг асосий босқичлари, муддатлари, мулкдорлар, баҳоловчилар ва ваколатли органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ўзаро муносабатлари тавсифи ва бошқа муҳим жиҳатлар, масалан, қурилманинг жисмонан эскиришини аниқлаш мезонлари ва бошқалар акс эттирилган.
Ҳужжат икки қисмдан – Вазирлар Маҳкамаси қарорининг матни (қарор қисми) ва у билан тасдиқланадиган Бузилиши лозим бўлган қурилмаларни баҳолаш тартибидан (қарорга илова, кейинги ўринларда - Тартиб) иборат. Ишлаб чиқувчининг (Давлат активларини бошқариш агентлиги) нуқтаи назарида энг муҳим жиҳатлар, бузилиши лозим бўлган қурилмаларни баҳолаш механизмига асос бўлувчи тартиб-таомиллар қарор қисмида келтирилган. Масалан, бу ерда қатъий равишда кадастр ҳужжатлари бўйича баҳолаш кўрсатилган, унда акс эттирилмаган иморатлар баҳолаш объектига киритилмайди – бунга йўл қўйилмайди.















