Бу ҳудуд 2007 йилда Гулистон шаҳар ҳокимлигининг қарори билан енгил типдаги савдо дўконлари қуриш учун ажратилган. Шу ерда 30 дан ортиқ тадбиркор қарийб 18 йил давомида расман фаолият юритиб келган. Уларнинг айтишича, шу йиллар мобайнида солиқлар тўлаб келинган, фаолиятга ҳеч қандай эътироз билдирилмаган.
Тадбиркорлар сўзларига кўра, шаҳар ҳокимлиги вакиллари дўкон эгаларидан қисқа вақт ичида савдо объектларини ўзлари бузиб ташлашни талаб қилган. Акс ҳолда, оғир техника ёрдамида бузиб ташланиши айтилган. Айрим мулкдорлар суд қарори тақдим этилишини сўраб, бузишга қарши чиққан.





Мурожаатчиларнинг билдиришича, бузишга эътироз билдирган айрим тадбиркорлар ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Улар бу ҳолатни босим ва қўрқитиш сифатида баҳоламоқда. Тадбиркорлар қишнинг совуғида шошма-шошарлик билан бузиш талаб қилинишига эътироз билдириб, озроқ муддат сўраётганини, ҳозирча қаерга кўчиш масаласи ҳам очиқ қолаётганини айтмоқда.
“Қишнинг кунида тезлик билан бузишни талаб қилишяпти. Бу пайтда ҳатто қушнинг ини ҳам бузилмайди, дейишади катталар. Қанча одам ишсиз, даромадсиз қоляпти, буни ҳеч ким ҳисобга олмаяпти”, дейди мурожаатчилардан бири.

Kun.uz'га дўкондорлардан бири Ирода Тошматованинг яқинлари ҳам мурожаат қилди. Уларнинг айтишича, Ирода Тошматова дўкони бузилишига қарши чиққанидан сўнг ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган. Яқинларининг сўзларига кўра, ички ишлар ходимлари уларга Тошматованинг руҳий ҳолатида муаммо борлиги, уни шифохонага жўнатиш режалаштирилаётганини айтишган. Аёлнинг яқинлари ҳозирда уни қаерга олиб кетилганини аниқ билмаслигини айтмоқда.
Гулистон шаҳар ҳокимлиги Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, бу ерда жами 34 та дўкон бўлиб, улар автомобил ҳаракат йўли устида жойлашган. Ҳокимликка кўра, мазкур кўча аввалдан йўл бўлган ва уни қайта очиш режалаштирилган. Бу ишлар шаҳардаги тирбандликларни камайтириш мақсадида олиб борилаётгани айтиляпти.











