Жаҳон | 20:47 / 16.08.2019
23311
2 дақиқада ўқилади

Россиялик миллиардер ўзига тегишли баскетбол клубини рекорд нархга сотди

Фото: АР/ТАСС

Россиялик тадбиркор, “Онэксим” гуруҳи эгаси Михаил Прохоров ўзига тегишли “Бруклин Нетс” баскетбол клубининг 51 фоиз акциясини Alibaba Group компанияси ижрочи вице-президенти Жо Цайга сотиш бўйича келишувга эришди.

Цай Прохоровдан клубнинг 49 акциясини 2018 йилда сотиб олганди. Шу тариқа, у клубнинг ягона эгасига айланади.

Шунингдек, битимга клуб аренаси “Барклайс-Центр” ҳам кирган. Ушбу арена АҚШнинг машҳурлиги бўйича 4-рақамли концерт зали ҳисобланади.

Битим қиймати очиқланмаган, бироқ Forbes нашрининг баҳолашича, гап 3,3 млрд доллар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Бу қийматдан клубнинг нархи 2,3 млрд доллардан кўпроқни, аренаники эса 1 млрд долларни ташкил қилиши мумкин.

Ушбу битим нафақат Миллий баскетбол уюшмаси, балки умуман спорт тарихидаги рекорд нархдагиси бўлиши кутилмоқда. 

Бу борадаги аввалги рекорд инвестор Дэвид Тэпперга тегишли бўлиб, у 2018 йилда  американча футбол клуби “Кэролайна Пантерс”ни 2,28 млрд долларга сотиб олган. 

Цай Канада фуқароси бўлиб, 1999 йилда Alibaba компанияси ҳамасосчисига айланган ва ҳозирда компаниянинг директорлар кенгаши таркибига киради ҳамда бош директор Жек Мадан кейин иккинчи йирик акциядори ҳисобланади. Унинг бойлиги 9,2 млрд долларга, Прохоровники эса 9,8 млрд долларга баҳоланади.  

Прохоров “Бруклин Нетс”нинг 80 фоиз акциясини 2010 йилда 220 млн долларга сотиб олган. У шу тариқа Миллий баскетбол уюшмаси тарихидаги илк хорижий клуб эгасига айланган.

Мавзуга оид