Ўзбекистон | 22:42 / 17.08.2019
168523
2 дақиқада ўқилади

Голограмма ва тонировка: ИИББ ҳайдовчиларга мурожаат билан чиқди

Жорий йилнинг 5 августидан автомобиль ойналарини қорайтириш учун тўловлар миқдори пасайтирилганидан сўнг аксарият ҳайдовчилар тонировка учун рухсатнома олишга қарор қилмоқда, деб ёзади ИИББ матбуот хизмати.

«Пойтахт йўлларида туси қорайтирилган ойнали автомобиллар кўпаймоқда, аммо шу билан бирга биз бир муаммо: олд ойнада махсус эмблема (голограмма) мавжуд эмаслиги ҳолатига тез-тез дуч келмоқдамиз», - дейилади бошқарма хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ички ишлар органлари тонировкага рухсат берилганлиги тўғрисида махсус эмблема (голограмма) беради ва ҳайдовчилар ушбу голограммани олд ойналарга ёпиштириб юришлари лозим. Эмблема автомобиль эгаси ойнани қорайтиришга рухсат олганлигини билдиради ва қалбакилаштиришдан юқори даражада ҳимояланган. Ушбу голограмма автомобиль олд ойнасининг юқори ўнг бурчагига ёпиштирилиши лозим.  

ЙХҲБ ЙПХ ходими учун эса эмблеманинг бўлиши ҳайдовчи керакли рухсатномага эга эканлигини англатади ва ўз-ўзидан ойнаси қорайтирилган автомобилнинг тегишли рухсатномаси борлигини текшириш учун тўхтатиш ҳолатлари камаяди.  

«Шунинг учун рухсатнома олган ҳайдовчиларга эслатма билан мурожаат қилмоқчимиз: олинган эмблема (голограмма)ни олд ойнага ёпиштиришни унутманг», - дейилади ИИББ томонидан.

Мавзуга оид