Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги Божхона кодекси лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилиги қуйидаги принципларга асосланади:

қонунийлик;

божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилганда шахсларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

божхона операцияларининг шаффоф, аниқ-равшан ва изчил амалга оширилиши.

Божхона қонунчилигидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар жисмоний шахслар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фойдасига талқин қилинади.

Божхона ишида божхона органи томонидан божхона декларацияси рўйхатдан ўтказилган ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган кунда амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади.

Божхона қонунчилиги орқага қайтиш кучига эга эмас ва қонунлар билан бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, амалга киритилгандан бошлаб юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Божхона қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган божхона тўғрисидаги қонун нормалари орқага қайтиш кучига эга.

Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Божхона қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик божхонага оид ҳуқуқбузарлик содир этилган кунда амалда бўлган қонун ҳужжатлари асосида юзага келади.

Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудуди Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилиги қўлланиладиган ҳудудни англатади.

Божхона ҳудудининг чегаралари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси ҳисобланади.

Божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш бўйича чекловлар халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларидан келиб чиқиб ўрнатилиши мумкин.

Ушбу чекловлар жорий этилиши муносабати билан товарларни олиб ўтувчи манфаатдор шахсда ёки ташувчида юзага келган харажатлар божхона органлари томонидан қопланмайди.

Ўзбекистон Республикасининг манфаатларидан, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларидан келиб чиққан ҳолда, айрим товарларни олиб кириш ҳамда ушбу ҳудуддан олиб чиқиш: