Жаҳон | 23:40 / 20.08.2019
11393
2 дақиқада ўқилади

Huawei раҳбари компания “ҳаёт ва ўлим чегарасида” турганини айтди

Хитойнинг Huawei компанияси асосчиси Рен Женфей компания айни вақтда “ҳаёт ва ўлим чегарасида” турганини айтди. У Bloomberg агентлигига компания ўз ходимларини лойиҳалар бўйича қайта тақсимлаётганини маълум қилган.

Женфейнинг таъкидлашича, ҳозирда компания янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун алоҳида жамоалар шакллантирмоқда. Ходимлар уларга қўшилиб, агар иш унумли бўлса, хизмат пиллапоялари бўйича ўсишга умид қилишлари мумкин. Бироқ унумдорлик қониқарсиз бўлса, уларнинг маошлари ҳар уч ойда қисқартирилиб боради ва ҳаттоки улар ишдан бўшатилишлари ҳам мумкин.

Huawei раҳбари оғир вазиятга қарамай, компания ривожланишига умид билдирган. У АҚШнинг компанияга қарши хатти-ҳаракатлари жиддий зарар етказмаслигини ва компания америкалик ҳамкорларсиз ҳам ривожланишда давом эта олишини таъкидлаб ўтган. У шахсий хизматлар ва технологияларнинг ривожлантирилишига умид қилмоқда. 

АҚШ ҳукумати Хитой компаниясини жосусликда айблаб, 2019 йил майида уни “қора рўйхатига” қўшганди. Ушбу тақиқлов сабабли бир қатор компаниялар Huawei билан ҳамкорлик қилишдан бош торта бошлаган. Бундай муаммолардан энг шов-шувлиларидан бири Google’нинг Хитой компанияси ўз мобил қурилмаларида Android операцион тизимини қўллашига тақиқлови бўлган.  

Бироқ ҳозирда АҚШ компанияларига Хитой компанияси билан ҳамкорлик қилишга 18 ноябргача вақтинчалик рухсат берилган. АҚШ савдо вазири Уилбур Росснинг таъкидлашича, ҳозирда АҚШ Huawei компанияси маҳсулотларига кучли тобе. Росс АҚШ фуқароларини Хитой компанияси техникасидан бош тортишга чақирган.

Мавзуга оид