Жаҳон | 19:21 / 20.08.2019
14888
3 дақиқада ўқилади

Путинни ҳақорат қилган грузиялик журналист “Рустави 2” телеканалидан бўшатилди

Гиоргий Габуния/Фото :Rustavi 2

Грузиянинг “Рустави 2” телеканалида раҳбарият ўзгаргандан кейин етакчи журналистлар бўшатила бошланди. Жумладан, июль бошида эфирда Россия президенти Владимир Путинни ҳақорат қилган бошловчи Гиоргий Габуния ўз ишидан маҳрум бўлган.

“Манфаатлар ихтилофи сабабли телеканалнинг ахборот хизмати раҳбари Нодар Меладзе, продюсер ва таҳлилий кўрсатувлар бошловчиси Эка Квеситадзе ҳамда яна бир неча продюсер ва бошловчилар, жумладан бошловчи Гиоргий Габуния бўшатилди”, деб маълум қилган телеканалнинг янги директори Паата Салия.

Унинг таъкидлашича, телеканалнинг етакчи журналистлари янги телеканал ташкил этиш билан машғулликларини очиқчасига айтиб, телекомпанияда ишлашни давом эттиришларига йўл қўйиб бўлмайди. Салиянинг айтишича, Квеситадзе ижтимоий тармоқларда “Рустави 2”нинг собиқ бош директори Ника Гварамия билан янги телеканал ташкил этиш устида ишлаётгани ва яқин орада унга телеканалнинг барча етакчи журналистлари ишлагани ўтишларини маълум қилган.  

“Рустави 2” телекомпанияси 7 июлда бошловчиси Габуния ўзининг “Постскриптум” деб номланган кўрсатувида Путин номига ҳақоратли сўзлар айтгандан сўнг можаро марказида қолганди.

Бошловчининг ушбу қилмишини Грузия расмийлари, жумладан президент Саломе Зурабишвили ва бош вазир Мамука Бахтадзе қоралаб, уни иғво деб аташган. Кремлда ҳам грузиялик бошловчининг сўзлари қораланиб, давлат думасида Грузияга қарши иқтисодий санкциялар киритиш таклиф қилинган. Бироқ Путиннинг ўзи Грузияга қарши чораларга қарши чиққан.

8 июлда “Рустави 2”нинг комиссияси Габунияни 2 ойга эфирдан четлатган. Кейинроқ телеканалнинг ўшандаги бош директори Гварамия бошловчи кейинроқ яна каналда ишини давом эттиришини маълум қилган.

Бироқ 18 июлда телекомпания эгаси алмашиб, у тадбиркор Кибар Халваши назоратига ўтган. Шундан кейин Гварамия бош директор лавозимидан бўшатилган. 26 июлда Гварамия янги телеканал очишини эълон қилган. Эндиликда Грузия бош прокуратураси уни молиявий фирибгарликларда айбламоқда. 

Мавзуга оид