19:00 / 22.08.2019
5514

Ўзбекистон стандартлаштириш тизими импорт ва экспортда қандай рол ўйнайди?

«Ўзстандарт» агентлиги мутасаддиларининг Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилишича, 2023 йилгача миллий стандартларнинг 80 фоизини жаҳон талабларига мослаштириш мақсад қилинган. Бироқ бу вазифани 2021-2022 йилларгача якунлашнинг ҳам имкони бўлиши мумкин. 

«Сўнгги 2 йил ичида стандартларимиз 3,5 мингтага етказилди. Бундан ташқари, олдимизда яна 10 мингта стандартни ишлаб чиқиш вазифаси турибди. Бу жараённи амалга ошириш учун «Стандартлар» институти ҳам ўз фаолиятини бошлади», дея рақамлар билан боғлиқ далилларни келтириб ўтди «Ўзстандарт» агентлиги бош директори Дилшод Сатторов.  

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, халқаро талабларга жавоб бериш осон эмас. Масалан, Европа иқтисодий комиссиясининг маҳсулотлар бўйича махсус талаблари бор. Ҳозир «Ўзстандарт» агентлиги миллий стандартлар шу комиссия томонидан тасдиқланишига эришиш учун ҳаракат қилмоқда.

Агар бунинг уддасидан чиқилса, Ўзбекистон табиий иқлим шароитида етиштирилган маҳсулотларнинг халқаро бозорга чиқиши осонлашади. Чунки айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, масалан, қовун ҳажми катта-кичиклиги жиҳатдан талабга жавоб бермагани туфайли экспорти камайиши ҳам қайд этиб турилади. Миллий стандартлар тасдиқланиши билан экспорт ҳам ошади.

Чет элликлар Ўзбекистон стандартини ҳам ўрганади

Ўзбекистон жаҳон бозорига маҳсулот экспорт қилиш учун халқаро талабларни ўрганганидек, чет эллик ишлаб чиқарувчилар ҳам ўзбек бозорига кириш хоҳишини билдирса, милллий стандартларимизни ўрганади.

«Юқорида қовун мисолида кўрганимиздек, биз шакл, ҳажм, маза жиҳатдан маълум талабларни ишлаб чиқсак, бу бизнинг ўз бозоримиз учун ҳам ягона стандарт бўлади», дея маълумот бериб ўтди «Ўзстандарт» агентлиги бош директори.

«Синов ва сертификат» маркази директори Ақлбек Мустафоевнинг айтишича, август ойининг ўзида мамлакатимиз бозорига кириш учун 10дан ортиқ хорижий давлат корхоналари мурожаат қилишган. Хитой, Россия, Япония, Ирландия каби давлатларнинг тадбиркорларига мамлакатимизда турли маҳсулотлар бўйича қўйилган стандарт талаблари бўйича маълумот берилган.

Импорт қилинган трикотаж маҳсулотлари сертификатлаштирилмасдан бозорга кириб келади

«Ўзстандарт» агентлиги масъуллари бозорда сифат жиҳатдан қониқарсиз маҳсулотларнинг назоратини амалга ошириш ҳақидаги тушунмовчиликларга ҳам муносабат билдириб ўтди.  

«Импортдан кириб келаётган трикотаж маҳсулотлари мажбурий сертификатлаштирилмасдан бозорга эркин кириб келади. Яъни, лабораториялар уларнинг назоратини амалга оширмайди.

Биз бу ҳолат билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб чиққан ҳолда ҳукуматга таклиф киритганмиз. Унга кўра, импорт қилинадиган трикотаж маҳсулотлари ҳам керакли лаборатор-текширувлардан ўтказилиши керак. Айни пайтда эса фақат болалар кийим-кечаги махсус сертификатлаштиришдан ўтказилади холос», дея камчиликларга тўхталиб ўтди Дилшод Сатторов.

Стандартлаштириш фақат «Ўзстандарт»нинг вазифаси эмас

Анжуман давомида журналистларнинг турли соҳалар стандартлари бўйича берган саволларига мутасаддилар жавоб бера туриб стандартлаштириш масаласи билан фақат «Ўзстандарт» агентлиги шуғулланмаслиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Бу борада Ўзбекистонда 4та ваколатли орган бор:

  • Қурилиш соҳасида – Қурилиш вазирлиги;
  • Хавфсизлик ишлари бўйича – Мудофаа вазирлиги;
  • Саломатликка таъсир бўйича – Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
  • Халқ истеъмоллари соҳасида - «Ўзстандарт» агентлиги.

Юқоридаги ташкилотлар ҳамкорликда маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилиш билан шуғулланиб келмоқда. 

Top