Иқтисодиёт | 09:05
879
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қайси товарларни энг кўп импорт қиляпти?

2026 йилнинг январ—апрел ойларида Ўзбекистоннинг импорт ҳажми 16,4 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Импорт таркибида энг катта улушни машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари эгаллаган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари импорти энг юқори ўсиш суръатини қайд этди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатга 5,5 млрд АҚШ долларлик машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,1 фоизга кўп.

Импорт таркибида саноат товарлари 2,5 млрд доллар (+17,1 фоиз), кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар 2,0 млрд доллар (+22,6 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар эса 1,9 млрд доллар (+47,2 фоиз) билан кейинги ўринларни эгаллаган.

Шунингдек, хизматлар импорти 1,6 млрд доллар (+15,5 фоиз), минерал ёқилғи, мойлаш материаллари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар 1,4 млрд доллар (+25,8 фоиз)ни ташкил этган.

Турли хил тайёр буюмлар импорти 585,7 млн доллар (+34,6 фоиз), ноозиқ-овқат хомашёси (ёқилғидан ташқари) 464,8 млн доллар (+34,5 фоиз), ҳайвон ва ўсимлик мойлари, ёғлар ҳамда мумлар 217,7 млн доллар (+37,3 фоиз), ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари эса 100,5 млн доллар (+24,3 фоиз) миқдорида импорт қилинган.

Статистикага кўра, энг юқори ўсиш суръати озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импортида кузатилган бўлиб, ушбу йўналишдаги импорт ҳажми бир йил олдинги даврга нисбатан 47,2 фоизга ошган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид