Ўзбекистон | 07:37 / 22.08.2019
24697
2 дақиқада ўқилади

Прокуратура энергетика тизимидаги ходимларга нисбатан 25та жиноят иши очди 

2019 йил 1 август ҳолатига кўра, дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 1,9 млрд зарар етказилганлик ҳолати бўйича энергетика тизимидаги қуйи ташкилотлар ишчиларига нисбатан прокуратура томонидан 25та жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, электр ва газ таъминоти корхоналари ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузарликларни таҳлил қилиш орқали, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига қўшимча маблағлар туширилди. 

Жиноят ишлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг «талон-торож қилиш», «фирибгарлик», «электр, иссиқлик энергияси, газ ва сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш», «мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «сохталаштириш» ва бошқа моддалари бўйича қўзғатилган.

Энергетика тизимидаги қуйи ташкилотларнинг айбдор шахсларига нисбатан озодликдан маҳрум этиш (3 киши), ахлоқ тузатиш ишлари (2 киши), жарима (1 киши) ва бошқа жазо чоралари тайинланди.

Ҳозирги вақтда етказилган зарардан 116,3 млн сўми энергетика тизимидаги қуйи ташкилотларнинг ҳисоб-рақамларига қайтарилган.

Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 21,1 млн сўм миқдорида зарар етказганлик ҳолати бўйича Зирабулоқ магистрал газ тармоғи бошқармасининг 2 нафар ходимига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Мавзуга оид