Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ўрмон тузиш тартиби тасдиқланади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўрмон тузиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Тартибга кўра, ўрмон тузиш ва лойиҳа-қидирув ишлари ўрмонзорлари мавжуд бўлган Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига қарашли барча ўрмон хўжаликларида, ўрмон ов хўжаликларида, миллий табиий боғларида, ўрмон хўжалиги корхоналарида, ўрмон тажриба станцияларида, ихтисослашган ўрмон хўжаликларида мажбурий тарзда ўн йилда бир маротаба ўтказилади.
Ўрмон тузиш ишлари юзасидан “Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси ҳар йилнинг тўртинчи чорагида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига келгуси йил учун ўрмон тузиш режасини тақдим этади. Режани шакллантиришда аввало янги ташкил этилган ўрмон хўжаликлари ва аввалги ўрмон тузиш давридан ўн йилдан ортиқ муддат ўтган хўжаликлар эътиборга олинади. Мазкур режа Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан тасдиқланиб, “Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси ва бошқа тегишли ташкилотларга электрон почта орқали юборилади. Режадан ташқари ўрмон тузиш ишларини бажариш юзасидан “Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси билан тўғридан тўғри шартнома тузишга йўл қўйилади.
Давлат ўрмон хўжаликларига ўрмон тузиш учун ажратилган маблағларни бошқа мақсадларга сарфлаш қатъиян ман этилади.
Ўрмон тузиш ишларини бажаришдан аввал ўрмон хўжалигининг чегараси Ер ресурслари ва давлат кадастри хизматлари билан келишиб олинади. Бунда ўрмон хўжалигининг чегараси туширилган харитага Ер ресурслари ва давлат кадастри хизматлари томонидан имзо қўйилиб, муҳр билан тасдиқланади.
Ўрмон тузиш объекти. Ўрмон хўжаликлари таркибидаги давлат ўрмон фонди (ДЎФ) ерлари ўрмон тузиш объекти ҳисобланади.
Дала ўрмон тузиш, ўрмон тузиш ва бошқа қидирув ишлари асосида ҳар бир объектга тафтиш даври учун “Ўрмон хўжалигини истиқболли ривожлантириш стратегияси” ишлаб чиқилади.
Дала ўрмон тузиш ишлари мазмуни. Ўзбекистон Республикаси «Ўрмон тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддасига асосан ўрмон тузиш ўрмонларни муҳофаза қилишни, ҳимоя қилишни, кўпайтиришни, такрорий кўпайтиришни, қайта тиклашни, уларнинг маҳсулдорлигини оширишни ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган тадбирлар тизимидан иборат бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:
• давлат ўрмон фонди участкаларининг чегараларини белгилаш ва давлат ўрмон фондининг ўрмондан доимий фойдаланувчилар фойдаланишидаги ҳудудининг ички хўжалигини ташкил этиш;
• топография-геодезия ишларини бажариш ва ўрмонларни махсус харитага киритиш ҳамда уларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
• давлат ўрмон фондини инвентаризациядан ўтказиш;
• ўрмонларнинг етилиш ёшини белгилаш, ўрмон хўжалигини юритиш билан боғлиқ ҳолда ўрмон дарахтларининг кесилиши ҳисоб-китобини, кесишларнинг миқдорларини ҳамда ўрмондан фойдаланишнинг бошқа турлари миқдорларини аниқлаш;
• давлат ўрмон фонди участкаларида пичан ўриш ва чорва молларини ўтлатиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор ҳамда техник хом ашёсини, озиқ-овқат мақсадлари учун ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш, дарахтлар ҳамда буталарни кесмаган ҳолда ўтин ва шох-шаббаларни йиғиш ҳажмларини аниқлаш;
• давлат ўрмон фонди участкаларида асалари уялари ва қутиларини жойлаштириш, ўрмондан ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликлари эҳтиёжлари учун, илмий-тадқиқот, маданий-маърифий, тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ҳамда эстетик мақсадларда, шунингдек экологик туризмни ривожлантириш мақсадида фойдаланиш имкониятларини белгилаш;
• ўрмонларни муҳофаза қилиш, ҳимоя қилиш, қайта тиклаш ва кўпайтириш борасидаги ишлар ҳажмини, шунингдек бошқа ўрмон хўжалиги ишлари ҳажмини аниқлаш;
• ўрмон тузиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилиш.
Ўрмон тузиш лойиҳалари ўрмон хўжалигини, ўрмон-овчилик, овчилик ва (ёки) балиқчилик хўжаликларини юритиш, шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантиришга доир ишларни ташкил этиш ҳамда юритиш, ўрмондан оқилона фойдаланишни, жорий ва истиқболга мўлжалланган режалаштиришни амалга ошириш учун асосий норматив-техник ҳужжатдир.
Ўрмон тузиш Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда барча ўрмонларда ягона тизим бўйича амалга оширилади.
Ўрмон тузиш даражалари. Ўрмон хўжалигини жадал юритиш, ўрмондан фойдаланиш ва ривожлантириш, ўрмонларнинг халқ хўжалигидаги аҳамияти ҳамда ўрмон тузиш даражасига кўра ўрмон тузиш ишларини амалга оширишда 3 та даража белгиланган.
Бир объектнинг турли қисмларида ўрмон тузиш ҳар хил даражаларда амалга оширилиши мумкин.
Ўрмон тузиш ишларининг такрорийлиги. Ўрмон хўжалигини юритувчи объектларда ўрмон тузиш такрорийлиги (даври) 10 йил деб қабул қилинади.
Тафтиш даври давомийлиги давлат ўрмон фонди ерларида хўжалик фаолияти билан боғлиқ ўзгаришлар ёки табиий офатлар оқибатида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан қисқартирилиши – ўзгартирилиши мумкин.
Ўрмон тузиш техник кенгаши ва мажбуриятлари. Ўрмон тузиш ишларини бажарувчи ташкилот давлат ўрмон хўжаликлари билан биргаликда ўрмон тузиш юзасидан техник кенгаш ўтказади.
Техник кенгаш Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан келишган ҳолда ўрмон тузиш гуруҳи ва ўрмон хўжалиги раҳбари томонидан чақирилади.
Кенгаш қўмита вакили, хўжалик раҳбари, ўрмон тузиш гуруҳи раҳбари, муҳандислар, таксаторлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари - ўрмонбегилари иштирокида ўтказилади.
Техник кенгаш ўрмон тузиш ишлари давомида ёки якунида ўтказилади ва техник кенгаш баённомаси тузилади.
Ўрмон тузиш ишлари давомида ўрмон хўжалиги қуйидагиларни бажаришга мажбур:
- вақтинча фойдаланиш учун ўрмон тузувчиларга режа-харита материаллари, ўрмон фондидаги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар ва ўрмон тузиш ишларини бажариш учун зарур бўладиган ҳужжатларни тақдим этиш;
- ўрмон хўжалиги билан чегарадош хўжаликлар ўртасидаги ер масалаларини Ер ресурслари ва давлат кадастри хизматлари орқали ҳал этиш ва уни тасдиқлатиш;
- ўтган тафтиш даврида ўрмон фонди ерлари ҳисобига қўшилган ёки ҳисобдан чиқарилган ерлар ҳақида маҳаллий ҳокимликлар қарорларини тақдим этиш;
- ҳудудни ўрмон бўлимлари ва кварталларга бўлиниши тўғрисида маълумотлар тақдим этиш;
- ўрмон фондида бўлган ўзгаришлардан хабардор қилиш ва уларни ўрмон тузиш материалларига киритилишини таъминлаш.
Дала ўрмон тузиш ишлари давомида ўрмон хўжаликлари:
- ўрмон бўлимларига ўрмон тузувчиларни қўйиш учун рухсат бериш ва улар билан бирга ўрмон тузиш ишларида иштирок этиши ҳақида кўрсатма бериши;
- ўрмон тузиш ходимларининг жойлашиши ва ўрмон тузиш асбоб-ускуналарини жойлаштириш учун хона ажратиб бериши шарт.
Ўрмон хўжалиги раҳбарлари ва мутахассислари навбатдаги тафтиш даври учун лойиҳалаштирилаётган ўрмон хўжалик тадбирларини ишлаб чиқишда иштирок этишга мажбурдир.
“Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси мажбурияти – жойларда ўрмон тузиш ишларини мазкур тартиб талабларига мувофиқ, ўрмон тузувчилар техник кенгаши қарорлари ва шартнома асосида амалга оширишдан иборат.
Дала ўрмон тузиш ишларини назорат қилиш. Ўрмон тузиш тартиби, шартнома талабларининг бажарилиши устидан давлат ўрмон хўжалиги раҳбарияти томонидан назорат олиб борилади.
Дала ўрмон тузиш ишларини топшириш-қабул қилиш муддати ва тартиби. Бажарилган ўрмон тузиш ишлари юзасидан оралиқ топшириш–қабул қилиш далолатномалари ҳар ойнинг охирида тўлдирилади ва ўрмон хўжалиги муҳри билан тасдиқланади. Бу ўз навбатида молиявий таъминот учун ҳужжат ҳисобланади. Якуний далолатнома дала ўрмон тузиш ишлари тугатилгандан сўнг 5 кун муддат ичида тўлдирилади. Ўрмон тузилмаларини амалга ошириш натижасида топшириладиган ҳужжатлар рўйхати мазкур тартибга илова этилади.
Картографик материаллар билан таъминлаш. Ўрмон тузиш объекти ҳудуди қуйидаги геодезик ва картографик материаллар билан таъминланиши шарт:
- олдинги ўрмон тузишда лойиҳалаштирилган тадбирлар режа–харита материаллари;
- ўрмон тузиш объекти умумий харитаси.
Юқорида қайд этилган картографик материаллар дала ўрмон тузиш асбоб-анжомлари (GPS, узоқни ўлчовчи лазерли мослама) ёрдамида тайёрланади.
Ўрмон фонди ерлари чегаралари Ер ресурслари ва давлат кадастри хизматлари томонидан тасдиқланган материаллар асосида белгиланади.
Ердан фойдаланувчи қўшни хўжалик вакиллари иштирокида чегара қозиқлари ўрнатиб мустаҳкамланади ва хўжалик раҳбариятига далолатнома тузиб топширилади.
Лойиҳани ишлаб чиқишда керакли бўладиган иқтисодий маълумотлар жумладан, дала ўрмон тузиш ишларини бошлашдан аввал қуйидаги маълумотлар тўпланади:
• жойлашган ўрни, майдони ва ўрмон билан қопланганлик даражаси;
• ўзлаштириш лозим бўлган экиш учун яроқсиз ерлар рўйхати;
• ўрмондан қўшимча фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги;
• ўрмон тузиш объекти жойлашган ҳудуднинг иқлими;
• жойнинг рельефи;
• тупроғи;
• ўрмонларни олдинги ўрмон тузиш бўйича қўриқланиш тоифаларига бўлиниши, белгиланган кесиш ёшлари ҳамда тафтиш даврида бўлган ўзгаришлар;
• ўрмон хўжалик корхонаси ихтиёридаги давлат ўрмон фондининг ер тоифаларига бўлиниши;
• ўрмон билан қопланган майдонлар ва умумий ёғоч захирасининг устунлик қилувчи турларга ҳамда ёш гуруҳларига тақсимланиши;
• хўжалик, бўлимлар ва ўрмон ташкил этувчи турларнинг ўртача таксацион кўрсаткичлари.
Маълумотлар хўжаликнинг охирги тафтиш давридан кейинги йиллар бўйича тўпланади.
Мавзуга оид
07:47 / 03.12.2025
Аҳоли жон бошига энг кўп ўрмон тўғри келадиган мамлакатлар
07:31 / 26.11.2025
Яшил тикланиш етакчилари: 10 йилда ўрмон майдонини энг кўп оширган давлатлар
07:20 / 13.11.2025
Ўрмонлар баланси: минтақалар мусобақасида кимлар пешқадам?
07:29 / 06.11.2025