Жаҳон | 14:10 / 25.08.2019
13522
4 дақиқада ўқилади

Лоббистлар ва филантроплар: дунёнинг энг бой оилаларидан бири ҳақида 10 факт

Фото: AP

23 август куни дунёнинг энг бой кишиларидан бири Дэвид Кох вафот этди. У оилавий бизнес - Koch Industries компаниясини 2018 йилда тарк этганди. АҚШнинг энг катта таъсирга эга оиласи ҳақидаги фактлар билан қуйида танишишингиз мумкин.

Оилавий бизнес асосчиси Фред Кох 1900 йилда АҚШнинг Техас штатида, голланд иммигрантлари оиласида дунёга келган. У кимё йўналишида таълим олди ва нефть соҳасида иш бошлади. У 1925 йилда Keith-Winkler Engineering компаниясига ишга келди, тез орада унинг ҳаммуассисига айланди ва компания Koch-Winkler Engineering деб атала бошлади.  

Компания 1932 йилга келиб АҚШдаги фаолиятини тўхтатди: Koch-Winkler компаниясига қарши 44та патент даъвоси қўзғатилди, корхона битта даъводан ташқари бошқа барча даъволарда ютиб чиқди. Бизнес Қўшма Штатлар ташқарисида давом этди: 1929-1932 йиллар давомида Кох СССР ҳудудида 15та нефтни қайта ишлаш заводини ташкил этди. Бундан ташқари, Европа, Осиё ва Яқин Шарқда корхоналари пайдо бўлди. Улардан бири нацистлар Германиясида очилди.

Фред Кохнинг тўрт ўғли: Фредерик, Чарльз, Дэвид ва Уильям бор эди. 1946 йилда АҚШда унинг яна бир корхонаси — Rock Island Oil and Refining Company фаолият кўрсатарди. У  1961 йилда Массачусетс университетининг кимё ва машинасозлик йўналишида таълим олган ўғли Чарльзни ёнига тортди. 1967 йилда, Фред Кохнинг ўлимидан сўнг айнан у Rock Island Oil раҳбари бўлди ва уни Koch Industries деб ўзгартирди.

Фред Кохнинг васияти кейинчалик оилада низо келтириб чиқарди : у акцияларни тўрт ўғлига тенг тақсимлаганди. Уильям ва Фредерик Чарльзнинг олиб бораётган сиёсатидан норози бўлди ва узоқ давом этган судлашувлардан сўнг Чарльз билан Дэвид 1983 йилда ака-укаларининг улушини 1 млрд долларга сотиб олишди.

Koch Industries асфальт, целлюлоза ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариб, АҚШдаги энг йирик компаниялардан бирига айланди.  

Чарльз ва Дэвид Кох Америка сиёсатида фаол иштирок этишди. Улар Республикачилар партиясини қўллаб-қувватлаб, Барак Обамани танқид қилишди. Улар бизнес учун имтиёз ва дотациялар ажратиш сиёсатига қарши чиқишди. Дэвид Кох солиқ ўзгаришлари унинг бизнеси учун манфаатли бўлишини ёқлайдиган «Америкаликлар фаровонлик учун» фондига раҳбарлик ҳам қилди. 

Кохларнинг бизнеси экология фаолларининг танқидларига кўп учрайди. Хабарларда айтилишича, ака-укалар глобал исиш назариясини танқид қиладиган тадқиқотларни молиялаштириб туришади.

Ака-ука Кохлар таниқли филантроплар бўлиб, улар санъат ва турли тадқиқотлар, жумладан онкологик касалликларни даволашнинг янги усулларини ўрганишга ҳомийлик қилишади. Дэвид  Кохда саратон хасталиги аниқланган эди.

Дэвид Кох 2018 йилда саломатлиги боис оилавий бизнесни тарк этди.  

Кохлар оиласи 2019 йилда Bloomberg талқини бўйича энг бой оилалар рўйхатида учинчи ўринни эгаллаган. Koch Industries — АҚШнинг энг йирик иккинчи хусусий компанияси. Чарльз ва Дэвид Кох Forbes миллиардерлар рейтингида 11-ўринда жойлашган бўлиб, Дэвиднинг бойлиги 50,5 млрд, Чарльзнинг бойлиги эса 42,5 млрд доллар деб баҳоланган.

Мавзуга оид