Ўзбекистон | 15:43 / 26.08.2019
15490
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентларнинг апелляция аризаларини кўриб чиқиш бошланди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 21 август кунидан 2019/2020-ўқув йилида олий таълим муассасаларининг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларига ўқишга кириш тест синовларида иштирок этган ва натижасидан норози бўлган абитуриентларнинг апелляция аризаларини қабул қилиш йўлга қўйилган эди. 26 августдан эса ушбу апелляция аризаларини кўриб чиқиш бошланди.

Давлат тест маркази хабарига кўра, апелляция жараёни Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибга мувофиқ ўтказилмоқда.

Бунда ҳар сменада 110 нафардан абитуриентнинг эътирозини кўриб чиқиш режалаштирилган. Зарур ва тегишли ҳамма дарсликлар тайёрлаб қўйилган.

Апелляция аризаларини кўриб чиқишда тадбирнинг барча жараёнлари ва босқичлари мунтазам видеокузатувга олиниши таъминланган ҳолда икки сменада ташкил этилмоқда.

Шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида абитуриентларнинг бинога кириши, тест материаллари билан тайёргарлик кўриши, фан экспертлари билан ишлашига қадар барча ҳолатларни ота-оналар учун катта экранларда намойиш этиб бориш ҳам йўлга қўйилган.

Булардан ташқари, Давлат тест марказининг фуқароларни қабул қилиш хонасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш давом этмоқда ва бунинг учун малакали мутахассислар жалб этилган, дейилади ДТМ маълумотида.

Мавзуга оид