Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашга доир фаолияти ички ишлар органлари томонидан мувофиқлаштирилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига кўра, “Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди.
Парламент қуйи палатасининг 2019 йил 2 августда ўтган мажлисида депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг айрим нормаларига аниқлик киритиш, баҳсли нормаларни маромига етказиш мақсадида лойиҳани масъул қўмитага қайтарган эди. Ўтган вақт давомида лойиҳа парламент аъзолари томонидан мутасадди вазирликлар вакиллари, мутахассислар иштирокида жиддий кўриб чиқилди, депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида пишиқ-пухта ҳолга келтирилиб, маромига етказилди.
Лойиҳага фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда ички ишлар органлари, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи бошқа органлар ҳамда муассасаларга кўмаклашишга, бедарак йўқолган шахсларни қидиришда иштирок этишга доир хатти-ҳаракатларни тартибга солувчи нормалар киритилди. Бундан ташқари, лойиҳа билан фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашга доир фаолияти ички ишлар органлари томонидан мувофиқлаштирилиши белгиланмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат тартибини сақлашда ички ишлар органлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи бошқа органлар ва муассасаларга аҳоли билан яқин алоқаларни ўрнатиш ҳамда жамоат тартибини сақлаш тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шундан сўнг халқ вакиллари “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилдилар.
Мажлисда қайд этилганидек, қонуннинг нормалари жаҳондаги ва минтақадаги вазиятнинг ривожланиши, эҳтимол тутилган таҳдидлар, миллий хавфсизликка бўлган хавф-хатарлар ва уларга қарши йўналтирилган мамлакатнинг салоҳияти, шунингдек, кейинги йилларда мамлакатимизда мудофаа соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларни инобатга олган ҳолда, қайта ишлаб чиқилган.
Депутатларнинг фикрича, янги таҳрирдаги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги қонунчилик тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади. Бу эса, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг мудофаа соҳасида очиқлигини кенг намоён этиш баробарида юртимиз суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлиги ҳимоя қилинишини таъминловчи сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа тусдаги чора-тадбирлар тизимини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтаришга замин яратади.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мавзуга оид
19:01 / 11.07.2026
Уй қурилишига улуш киритган шахсларнинг маблағларини ҳимоя қилиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланди
12:37 / 07.07.2026
Ўзбекистонда алифбо ислоҳоти бўйича қонун қабул қилинди
17:55 / 09.06.2026
«Светофор - йўлчироқ, пароль - ўрон» — депутатлар янги қонунни маъқуллади
11:57 / 17.05.2026