Ўзбекистон | 23:09 / 27.08.2019
13675
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда амалдорлар фаолиятини баҳолаш мезонлари таклиф қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Президентининг "Давлат органларида замонавий бошқарув усулларини жорий этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, давлат органларида давлат хизматчиларининг иш фаолиятини қуйидаги самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари (САК) асосида баҳолашни босқичма-босқич жорий қилиш режалаштирилмоқда:

- давлат хизматчисининг давлат стратегик мақсадлари ва вазифаларига эришишдаги ролини белгилайдиган, давлат стратегик дастурларини амалга оширишнинг самарадорлик кўрсаткичлари билан боғлиқ бўлган умумий кўрсаткичлар;

- давлат органининг стратегик мақсад ва вазифаларига эришиш билан боғлиқ бўлган тегишли соҳани ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал қилишда давлат хизматчисининг ролини белгиловчи тармоқ кўрсаткичлари;

- давлат хизматчисининг давлат органи фаолиятидаги ролини ва / ёки амалини ривожлантиришдаги шахсий ва касбий ютуқларини белгилайдиган, хизматчиларнинг ўзлари раҳбарлар билан биргаликда тузилган ва ходимнинг кейинги ҳисобот давридаги иш режасида акс эттирилган мансаб кўрсаткичлари.

Дастлабки босқичда давлат хизматчиларининг САКка асосланган фаолиятини баҳолаш амалиёти 2020 йил 1 январдан бошлаб Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризм бўйича давлат қўмитаси ҳамда Жиззах ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларида тажриба сифатида жорий этилади. .

Қарор лойиҳасида кўрсатилишича, САК қуйидаги принципларга асосланади:

- САкни жорий этишда иш берувчи, ходим ва касаба уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик;

- ташкилотнинг асосий фаолиятидан келиб чиқиб САКни аниқлаш;

- кўрсаткичларни баҳолаш, ҳисобот ва самарадорликни ошириш жараёнлари интеграцияси;

- ишлаб чиқариш кўрсаткичларини стратегия билан мувофиқлаштириш.

Шунингдек, давлат хизматчисининг иш ҳақига устама миқдори бажарилган ишларнинг ҳажми, уларнинг самарадорлиги, сифати ва мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда САКка эришиш ёки эришмаслик натижаларига қараб белгиланади.

Давлат органларида давлат хизматчиларининг самарадорлиги фаолиятини САК асосида баҳолашни босқичма-босқич жорий этиш учун махсус ишчи комиссия тузилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳужжат лойиҳаси ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.

Мавзуга оид