Жаҳон | 23:02 / 27.08.2019
34548
4 дақиқада ўқилади

Ванил музқаймоқ, фазога парвозлар ва Су-57: Россия Эрдўғанга шуларни таклиф қилди

Фото: ТАСС

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Москва вилоятидаги Жуковскийда ўтаётган МАКС авиасалонига ташриф буюрди. У ерда Эрдўғанга кўплаб, жумладан анча қиммат таклифлар қилинди. Туркия президентига нималар таклиф қилинди ва унинг ўзи нималарга қизиқиш билдирди? Қуйида шу ҳақда. 

1. Су-57 қирувчи самолёти ва Су-30’да парвозлар

Эрдўған авиасалон бўйлаб экскурсия вақтида Россиянинг 5-авлоддаги энг замонавий С-57 қирувчи самолётларини сотиб олишга қизиқиш билдирган.

“Бу Су-57’ми? У учмоқдами?”, деб сўраган Туркия президенти самолётни кўздан кечириш вақтида россиялик ҳамкасби Владимир Путиндан. “Ҳа, учади”, деб жавоб қилган Путин. Эрдўған “Сотиб олиш мумкинми?”, деб сўраганда “Ҳа мумкин”, деб жавоб қилган Россия раҳбари.

Кейинроқ Путин матбуот анжуманда Россия туркиялик учувчилар учун Су-30СМ қирувчи самолётларида парвозларни ташкиллаштиришга тайёрлигини билдирган.

Шунингдек, таъкидланишича, Туркия Су-35 самолётларига жиддий қизиқиш намойиш қилган. 

2. Турк фазогирининг орбитага юборилиши

“Роскосмос” корпорацияси раҳбари Дмитрий Рогозин Туркия президентига Халқаро коинот станциясига туркиялик фазогирни жўнатишни ташкиллаштиришни таклиф қилган.

“Бизда сизга таклиф бор – Туркия юбилейига турк фазогирининг орбитага юборилишини ташкиллаштириш. Фазогирларни тайёрлаш маркази бунга тайёр”, деб айтган Рогозин.

Эрдўған бунга рози бўлиб, “муқаддас иш”га қўшилишга тайёрлигини билдирган.

3. С-400 мажмуалари етказилиши

27 августда Владимир Путин Эрдўған билан учрашувда Туркияга С-400 мажмаусининг яна бир партияси етказиб берила бошланганини маълум қилди.

Мажмуани ишлаб чиқарувчи “Алмаз-Антей” концерни бош директори Ян Новиковнинг айтишича, 1 сентябрдан турк ҳарбийларининг С-400’ни бошқаришга ўргатиш бошланади ва бу жараён 2020 йил 2 январгача давом этади.

Эрдўған С-400 атрофида “кўплаб миш-мишлар бўлганини”, бироқ Туркия ҳукумати “уларга зиғирча ҳам эътибор қаратмагани”ни таъкидлаб ўтган.  

Россия С-400’дан яна етказиб беришни таклиф қилишга тайёрлигини билдирган.

4. “Турк оқими” бўйлаб газ

Путиннинг айтишича, Россиянинг гази “Турк оқими” қувури орқали Туркияга жорий йил охиригача етказила бошланади. 

Россия етакчиси, шунингдек, “Росатом” компанияси Туркиядаги илк атом электр станцияси – “Оккуя”ни қураётганини эслаб ўтган. 

5. Вологда музқаймоғи

Россия президенти авиасалон бўйлаб сайр вақтида ўзининг туркялик ҳамкасбини музқаймоқ билан меҳмон қилишга қарор қилди. Эрдўған Вологданинг ванил музқаймоғини, Путин эса ўзига шоколадли ва қаймоқли стаканча шаклидаги музқаймоқдан сотиб олган.

“Менга ҳам тўлаб юборасанми?”, деб ҳазил қилган Эрдўған Путинга. “Тўлаб юбораман, сен ахир меҳмонсан!”, деб жавоб қилган Путин.

Шунда сотувчи аёл умумий нарх 210 рубл бўлганини айтган. Путин унга 5 минг рубллик купюра узатган. 

“Қайтимни вазирга беринг. Бу унга авиацияни ривожлантиришга”, деб ҳазил қилган Путин Россия савдо-саноат вазири Денис Мантуровга ишора қилиб. Мантуров эса “Сахийлигингиз учун раҳмат”, деб кулиб юборган. 

Икки давлат етакчиларининг музқаймоқ хариди вақтида яна бир антиқа ҳолат юз берган. Путин Эрдўғанга бироз эзилган вафли стаканли музқаймоқни берганда, Туркия президенти уни қандай ейиш кераклигини билмай бироз эсанкираб, музқаймоқ сотаётган аёлдан “Сизда мабодо қошиқ йўқми?” деб сўраган. “Йўқ. Шундай тишлайверинг”, деб қисқагина қилиб қўйган сотувчи.

Мавзуга оид